Фарғоналик хотин-қизлар референдумда фаол иштирок этади
Фарғона шаҳридаги Аҳмад Фарғоний номидаги истироҳат боғида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг тарғиботига бағишланган “Аёли эъзозланган юрт” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан тадбиркор аёллар, фаол хотин-қизлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Аёлларнинг барча соҳалардаги самарали меҳнати, айниқса, фарзандлар тарбияси, жамият ва оила ҳаётидаги улкан хизматларини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Кавлонова, Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова сўз олиб, мамлакатимизда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, аёлга эътибор ва ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини таъкидлади.
Биргина ўтган йилда вилоятда 79 минг 463 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилиб, уларнинг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш ҳамда муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-11177]
Ишсиз 24 минг 715 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд 3 минг 268 нафар хотин-қизларга 32,8 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди. 929 та аёллар уй-жой билан таъминланди. 1 минг 175 нафарига турар-жой учун ижара компенсациялари тўлаб берилди. Жорий йилда ҳам бу ишлар тизимли давом эттирилмоқда.
Тадбирда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, олима аёл Мунира Қодирова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Нилуфар Эргашева, Фарғона туманидан тадбиркор Садоқат Мирзаева, ҳунарманд, 1-гуруҳ ногирони Малика Ибрагимовалар ҳам сўз олиб, Янгиланаётган Конституцияда гендер тенглик, оила мустаҳкамлиги, таълим тизими ва ўқитувчилар ҳуқуқлари учун алоҳида модда киритилаётганлиги ҳақида таъкидлади ва барчани жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Референдумда фаол иштирок этишга чақирди.
Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бахш этди.
М.Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган сурат