Фарғоналик тадбиркорлардан байрам туҳфаси
Давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Фарғона вилоятида янги ижтимоий соҳа объектлари, уй-жойлар, ишлаб чиқариш корхоналари фойдаланишга топширилмоқда.
Фарғона шаҳрида ҳам истиқболли лойиҳалар асосида 5 та корхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, тадбиркорларга яратилаётган шароитлар, имкониятлар уларни янги ташаббусларга ундаётганини таъкидлади.
Лойиҳа қиймати 6 миллиард сўмни ташкил этган “Yagona Stil” масъулияти чекланган жамиятида “SEBO” бренди остида ип-калавадан трикотаж тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхона йиллик икки миллион дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Тадбиркор Фарҳод Қўчқоров раҳбарлигидаги корхонада ҳозирда 125 та янги иш ўрни яратилди. Лойиҳанинг якунланаётган иккинчи қисми ишга тушиши билан янги иш ўринлари сони яна ортади.
[gallery-8309]
Қиргули мавзесидаги Саноатчилар кўчасидаги “Ёшлар” кичик саноат зонасида тадбиркор Зафаржон Ҳожиматов ташаббуси билан “Гофра маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамияти ишга туширилди. Бу ерда гофра маҳсулотлари ва қадоқлаш қутилари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳа қиймати 5 миллиард сўм бўлган корхонада 20 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Мавсумда қўшни Қирғизистон, Тожикистонга, шунингдек, Россияга ҳам маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилган.
“Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбиркор Саидбурхон Қодиров томонидан “Union Group” трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди. Лойиҳа қиймати 5 миллиард сўмдан зиёд бўлган корхонада 90 та янги иш ўрни яратилди. Корхонага Хитойдан замонавий жиҳозлар олиб келиб ўрнатилди. Маҳсулотлар Европа стандартлари бўйича тайёрланиб, Россия, Польша, Туркияга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Ходимларнинг замонавий жиҳозларда самарали ишлашларини таъминлаш учун инструктор сифатида туркиялик технолог жалб этилган.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА