Фарғоналик спортчилар шарафланди
Фарғоналик спортчилар 2022 йилда турли даражадаги спорт мусобақаларда 1 минг 58 та олтин, 1 минг 147 та кумуш, 1 минг 778 та бронза медалларни қўлга киритди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 500 тага кўп. Шунингдек, жорий йилда вилоят спортчиларидан 850 нафари миллий терма жамоа сафига қабул қилинди.
Фарғона шаҳридаги “Афросиёб” тантаналар мажмуасида жорий йилда жаҳон, Осиё чемпионатларида ҳамда нуфузли халқаро турнирларда, Республика мусобақаларида юқори натижаларга эришган вилоят спортчилари учун ташкил этилган байрам тадбирида шу ҳақида сўз борди.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров спортчиларни ҳамда мураббийларини, соҳа мутасаддиларини кириб келаётган янги йил билан қутлаб, жорий йилда халқаро спорт майдонларида мамлакатимизнинг нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга қўшган катта ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирди ва келгуси йил Фарғона вилояти спортчилари учун ёрқин ғалабаларга бундан ҳам бой бўлишига ишонч билдирди.
Бугунги кунда вилоятда 5 минг 867 та турли спорт иншоотларида 1 миллиондан (26,5 фоизи) зиёд аҳоли спортнинг 63 тури бўйича шуғулланиб келмоқда. Спорт билан мунтазам шуғулланувчилар сони 40 минг 44 нафарни ташкил этади. Жорий йилда аҳолини оммавий спортга жалб этиш кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан 4 фоизга ошди.
[gallery-10155]
–Вилоятимизда оммавий спорт турларини ривожлантиришга, спорт клублари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, –дейди спортни ривожлантириш вилоят бошқармаси бошлиғи Нодиржон Ҳакимов.–Жорий йилнинг ўзида Фарғона тажрибаси сифатида 56 та спорт клублари фаолияти йўлга қўйилиб, 1 минг 800 нафарга яқин ёшлар спортга жалб қилинди. Келгусида спорт клублари фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида уларга салоҳиятли тадбиркорлар бириктирилди ва спорт клублари ўртасида ўтказиладиган мусобақаларнинг режаси ишлаб чиқилиб, ўзаро спорт мусобақалари ўтказиш тизими жорий қилинди.
Тадбирда юқори натижаларга эришган 100 нафар спортчилар, мураббийлар ҳамда муассасалар раҳбарлари, шунингдек, фахрийлар пул мукофотлари ва совғалар билан тақдирланди. Бокс бўйича Осиё чемпиони Лазизбек Муллажонов тадбирнинг бош соврини – “Йилнинг энг яхши спортчиси” номинацияси ғолиблигига муносиб кўрилди. “Йилнинг энг яхши аёл спортчиси” номинациясида камондан отиш бўйича Осиё чемпионати ва кубоги совриндори Зиёда Абдусатторова, “Йилнинг энг яхши мураббийи” номинациясида юнон-рум кураши бўйича вилоят терма жамоаси бош мураббийи Илшад Рафутдинов, “Йилнинг энг яхши аёл мураббийи” номинациясида камондан отиш бўйича вилоят аёллар терма жамоаси бош мураббийи Ирина Савинова мукофотларни қўлга киритди. Бошқа номинациялар бўйича ҳам мукофотлар топширилди.
Вилоятнинг таниқли санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров (сурат),ЎзА