Фарғоналик соҳибкорлар меҳнатининг эътирофи
Фарғонада қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган байрамда уларнинг фидокорона меҳнати эътироф этилди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тадбир иштирокчиларини табриклаб, самимий тилакларини билдирди.
Фарғоналиклар азалдан деҳқончиликнинг миришкори, ҳақиқий устаси сифатида юртимизда машҳур. Улар томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бугун хорижда ҳам ўз харидорига эга. Доимо ер билан тиллашиб, дардлашиб яшайдиган вилоятнинг деҳқон ва фермерлари омилкорлик билан, бой билим ва тажрибаси, илм-фан ютуқларини ишга солиб, мўл ҳосил етиштиришга муваффақ бўлишмоқда.
2022 йилда Жаҳон банкининг Ўзбекистон Республикасида “Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида 4 миллион доллар маблағлари ҳисобига Фарғона агрохизматлар маркази ташкил этилиб, қишлоқ хўжалигида ўзига хос инновацион ХАБ яратилди. Марказда дунёни ривожланган Ирландия, Хорватия, Германия, Япония, Жанубий Корея ва Туркия давлатларидан таклиф этилган юқори малакага эга экспертлар фаолият юритмоқда.
[gallery-9939]
Жорий йилда марказ томонидан илғор технологиялардан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган 30 дан ортиқ илмий амалий ишланмалар вилоятдаги фермерлар, агрокластерлар томонидан 40 минг гектардан ортиқ майдонларда амалиётга тадбиқ этилиб, энг юқори самарадорликка эришилди. Деҳқончилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича жорий йилда 285,8 минг тонна пахта, 819,5 минг тонна дон, 1261,7 минг тонна сабзавот, 348,1 минг тонна картошка, 154,4 минг тонна полиз, 387,8 минг тонна мева, 188,7 минг тонна узум маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Инвестиция лойиҳалари дастури асосида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича жами 1979,4 миллиард сўмлик маблағлар ҳисобига 356 та лойиҳалар амалга оширилиб, 4 915 та янги иш ўринлари яратилмоқда.
Жорий йилнинг 11 ойлигида вилоятда 213,7 миллион долларлик 292,5 минг тонна маҳсулот экспорт қилинди. Тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига жорий йилда 64,7 триллион сўмлик ёки қўшимча 103,4 миллион долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш кутилмоқда. Умуман олганда, вилоятда 2022 йилда режали ишлар ташкил этилиб, 30,5 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 300 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда 37 минг та кўп иш ўринлари яратишга эришилди. Албатта, бу ютуқларнинг замирида қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимларининг меҳнати беқиёс.
Қишлоқ хўжалиги соҳасининг бир гуруҳ вакиллари совғалар билан тақдирланди. Санъаткорларнинг байрам дастури барчага хуш кайфият бағишлади.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА