Фарғоналик фермерлар Бошқирдистонда иш юритади
Беларусь Президенти таклифи билан бир гуруҳ ўзбекистонлик чорвадорлар Гомел вилоятига бориб гўшт, сут етиштириш хўжаликларини ташкил этганлари ҳақида илгари хабар бергандик.
Мана энди, Россиянинг Бошқирдистон Республикасида ҳам фарғоналик фермерлар иш бошлайди. Бундай келишув Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари Кенгашининг III йиғилиши доирасида "Фарғона экспо" марказида Бошқирдистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар ва конгресс фаолияти вазири Маргарита Болычева билан учрашуви чоғида тузилди.
Мулоқотда ҳудудлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперацияси ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Бошқирдистондаги фермер хўжаликлари учун ажратиладиган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, у ерда ташкил этилаётган технопаркда Фарғона тадбиркорлари учун ишлаб чиқариш имкониятларини яратиш, шунингдек, электрон савдо платформаларини ўзаро интеграция қилиш бўйича истиқболли ташаббуслар кўриб чиқилди.
Ушбу йўналишлар ҳудудлар тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ва янги бозорларга чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратиши таъкидланди.
Делегациялар алмашинуви орқали янги лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари келишиб олинди.
Учрашувда нафақат иқтисодий, балки халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатларини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама мавзуси бўлди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА