Фарғоналик атлетлар мамлакат кубогида етакчи
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида ўтказилган мамлакат кубоги баҳслари якунланди.
Кубок баҳсларида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ёш атлетлар ғолиблик учун баҳслашди. Мусобақанинг сўнгги кунида 1500 метр масофага югуришда Сабоҳат Самижонова ҳамда Алишер Аҳматиллаев ғолиб бўлган бўлса, 3000 метрга тўсиқлар оша югуришда Дилшода Усмонова ҳамда Дилшод Ғофуржоновга тенг келадигани топилмади.
Узунликка сакрашда Амир Нагаев мусобақа ғолибига айланди. Лангар чўпга таяниб сакрашда эса Ҳабиба Абдураҳмонова ҳамда Заҳриддин Шокиров олтин медалга сазовор бўлди. Уч ҳатлаб сакраш баҳсларида Ҳушноза Шавкатова ва Иброҳим Маҳкамов шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Диск ва босқон улоқтиришда Дунёзод Сайфуллаев ва Элина Силямиева барча рақибларини орта қолдирди. 20 минг метрга спортча юришда Расулбек Дилмуродов ва Диана Яфасова маррага биринчи бўлиб етиб келди.
Шу тариқа, енгил атлетика бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубогида Фарғона вилояти 7 олтин, 3 кумуш ва 4 бронза жами 14 медаль билан мамлакат кубогини қўлга киритди. Кучли учликдан эса Самарқанд ва Қашқадарё вилояти жамоалари ўрин олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА