Фарғонага 15 та гемодиализ аппарати берилди
Фарғона вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида янги экстракорпорал детоксикация бўлими очилиб, замонавий гемодиализ аппаратлари билан таъминланди.
Энди гемодиализ учун қўшни вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрига қатнаб қийналиб юрган беморларга малакали шифокорлар томонидан шу ернинг ўзида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.
Тиббиёт соҳасида ислоҳотлар аҳолининг ҳаётдан розилиги, эл-юртимиз тараққиётига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Шу боис ҳам бугунги кунда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиляпти. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида бу каби эзгу ишларнинг кўлами янада кенгаймоқда.
[gallery-1815]
Давлатимиз раҳбари ўтган йил 29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олиниб, шу мақсадлар учун бюджетдан 140 миллиард сўм йўналтирилишини таъкидлаган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Фарғона вилоятига Германиянинг “Fresenius Medical Care” компаниясида ишлаб чиқарилган 15 та гемодиализ аппаратлари ажратилди. Уларнинг 10 таси вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига, 5 таси эндокринология диспансерига ўрнатилди.
– Вилоятимиз аҳолиси орасида 7 минг 766 нафар сурункали буйрак етишмовчилиги касаллиги билан оғриган беморлар назоратда туради, – дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Одилжон Умаров. – Беморларнинг 1 минг 978 нафарида иккиламчи буйрак бужмайиши касаллигининг турли босқичлари аниқланган. Уларнинг 478 нафари гемодиализга муҳтож бўлган беморлар. Айни пайтга қадар 218 нафар беморга вилоятда ташкил этилган экстракорпорал детоксикация бўлимларида режали равишда гемодиализ амалиётлари ўтказилмоқда. 2013 йилдан ҳозирга қадар 96 нафар беморда буйрак кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Гемодиализ аппаратлар учун махсус бўлим ташкил этилиб, мукаммал таъмирдан чиқарилди. Бу ерда бир кеча-кундузда 40 нафар беморда гемодиализ муолажалари ўтказиш имконияти яратилди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида янги бўлимнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов соғлиқни сақлаш муассасаларининг замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланиши аҳоли саломатлигини асрашга қаратилган юксак эътибор самараси эканлигини таъкидлади. Бўлим фаолияти билан танишилиб, гемодиализ аппаратларининг ишлаш жараёни кузатилди. Бугун илк беморлар қабул қилиниб, гемодиализ муолажаларини олишди.
М. Сулаймонов, ЎзА
М. Қодиров олган сурат