Фарғонадан юрт ҳимояси сари — чақирилувчилар тантанали кузатилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Мудофаа ишлари бошқармасида чақирув ёшига етган йигитларни муддатли ҳарбий хизматга саралаш тадбирлари ташкил этилди.
Саралаш жараёнларида ёшлар бир неча босқичда синовдан ўтказилиб, уларнинг жисмоний тайёргарлиги, билим даражаси ҳамда соғлиғи ҳар томонлама баҳоланди.
Саралашдан муваффақиятли ўтган ҳамда соғлиғи жиҳатидан ҳарбий хизматга яроқли деб топилган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Шарқий ҳарбий округ офицерлари, фахрийлар вилоят кенгаши вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, шунингдек, чақирилувчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққанлар ота-оналарга фарзандларини Ватанга садоқатли, мард ва жасур этиб тарбиялаганликлари учун миннатдорлик билдирди. Таъкидланганидек, Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчи ва юксак шарафидир.
Тадбир давомида ота-оналар ҳам сўзга чиқиб, фарзандларига эзгу тилаклар билдирди. Улар йигитларни шарафли ва масъулиятли вазифа насиб этгани билан табриклаб, ҳарбий хизмат давомида ўзларини намоён этиши, Ватан олдидаги бурчини муносиб адо этиши ҳамда соғ-саломат ҳолда юртга қайтишини тилади. Фахрийлар эса ёшларни матонатли бўлишга, ҳарбий интизомга қатъий амал қилишга чақирди.
Шундан сўнг ёшлар яқинлари билан хайрлашиб, юрт ҳимояси сари йўл олди.
Суратларда:
[gallery-28192]
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА