Фарғонадаги корхоналар экспорт имконияти кенгаймоқда
Фарғона шаҳрида “Фарғона водийси енгил саноати” II форуми иш бошлади. Вилоят ҳокимлиги ва Марғилон шаҳридаги “Абр матолари” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида вилоятда иккинчи марта ўтказилаётган ушбу форумга Россия, Беларусь, Италия, Польша, Австрия ва Туркия каби хорижий давлатлардан импортёрлар иштирок этмоқда.
Очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Иқболжон Эргашев бу каби тадбирлар маҳаллий тадбиркорлар ва чет эллик ишбилармонлар билан ўзаро тажриба алмашиш ва савдо шартномаларини тузишда янги имкониятлар яратишини таъкидлади. Шундан сўнг Фарғона вилоятида текстиль ва тўқимачилик саноатида амалга оширилаётган ишлар, ўсиш суръатлари ва экспорт салоҳияти тақдимоти ўтказилди.
[gallery-9263]
Хорижий капитал иштирокидаги текстил корхоналари 2019 йилда 56 та бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 83 тага етди. 2021 йилда 49 та давлатга текстиль маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 2022 йилда 57 та давлатга вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Текстиль-трикотаж маҳсулотлари экспортёрлари эса 2021 йилги 174 тадан, 2022 йил ўтган даврида 201 тага етди. Экспорт ҳажми 2018 йилда 187 миллион доллар бўлган бўлса, 2022 йил якуни билан 524 миллион долларни ташкил этади.
Тадбирда вилоятда халқаро GSP+ статуси қўлга киритилгани, Ўзбекистон пахтаси ва текстиль маҳсулотларига нисбатан илгари ўрнатилган бойкот бекор қилингани тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди. Инвесторлар учун яратилаётган шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, саноат зоналаридаги имкониятлар тушунтирилди. Очилиш маросими ва очиқ мулоқотдан сўнг форум иштирокчилари қарийб 60 тага яқин маҳаллий енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувлари томонидан тайёрланган кўргазма билан танишдилар. Икки кун давом этадиган форум доирасида хорижлик инвесторлар В2В шаклидаги учрашувларда қатнашиб, ишлаб чиқариш жойларига ташриф буюришлари ҳам режалаштирилган.
М.Сулаймонов, ЎзА М.Қодиров олган сурат