Фарғонада Янги йил байрами кўтаринки руҳда ўтади
Фарғона вилоятида Янги йил байрамини кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Барча шаҳар ва туманлар марказларига Янги йил арчалари ўрнатилди ҳамда кўчалар, хиёбонлар байрамона безатилди. Хусусан, вилоят марказида Ислом Каримов номидаги вилоят театр ва концерт саройи ҳудудида асосий арча (бўйи 35 метр) ҳамда Ёшлар сайилгоҳи ҳудудида қўшимча арча ўрнатилди.
“Президент арчаси” тадбирлари юқори савияда ўтказилади ҳамда 800 дан ортиқ болажонга совғалар топширилади.

Байрам арафасида кексалар, ёши улуғлар ва беморлар ҳолидан хабар олиш яхши анъанага айланган. Шу кунларда 5 минг нафарга яқин уруш қатнашчиси ва фронт орти меҳнат фахрийси, ёрдамга муҳтож ногиронлар, якка-ёлғиз кексалар, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида яшовчилар йўқланмоқда. Уларга байрам совғалари топшириляпти.

Барча шаҳар ва туманлардаги 35 та бозор, йирик савдо мажмуалари ҳамда 250 дан ортиқ маҳалла гузарида савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Савдо ярмаркаларида барча ҳудудий улгуржи савдо корхоналари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва қайта ишлаш корхоналари, мева-сабзавотчилик, чорвачилик ва паррандачилик, асаларичилик йўналишидаги фермер хўжаликлари ҳамда тадбиркорлар маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. 205 тонна гўшт, 239 тонна балиқ, 87 тонна парранда гўшти, 2,2 миллион дона тухум, 249 тонна гуруч, 1 минг 800 тонна картошка, 300 тонна пиёз, 1700 тонна бошқа сабзавотлар, мева ва полиз маҳсулотлари арзон нархларда етказиб берилмоқда.

Янги йил байрами тадбирларини ўтказиш даврида хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш бўйича вилоят, шаҳар ва туманларда ҳудудий штаблар ташкил этилди.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири