Фарғонада янги мебел корхонаси ишга тушди
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида замонавий ва юқори сифатли мебеллар ишлаб чиқариш ҳамда соҳа мутахассисларини касбга тайёрлашга ихтисослашган лойиҳа ишга туширилди. Унинг доирасида туманнинг Даҳанақақир маҳалласида “Марям мебель” мебель ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилиб, Россиянинг “Лига” компанияси томонидан мамлакатимизда илк бор ташкилланган кенгайтирилган мастер-форум ҳам бошланди.
Тадбиркор Авазбек Валиев ташаббуси билан ташкил этилган янги корхона “Лига” компанияси томонидан қиймати 1 миллион долларга яқин миқдордаги энг сўнгги русумдаги рақамлаштирилган ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланди. Лойиҳа доирасида йил якунига қадар корхонада 150 нафар иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.


Нафақат мазкур янги фабрика, балки республикамиз бўйича ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёнларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан Россия компанияси билан қатор келишувларга эришилди. Шу аснода россиялик малакали мутахассислар ҳамда юртимизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган ёш маҳаллий уста ва тадбиркорлар иштирокида соҳа ривожига хизмат қилувчи кенгайтирилган мастер-форум бугундан старт олди.
Икки кун давом этиши режалаштирилган “Мебель форуми: самарали ишлаб чиқариш технологиялари” номли тадбир давомида россиялик мутахассислар томонидан ўқув машғулотлари ва мастер-класслар ўтказилиши кўзда тутилган.


М.Сулаймонов, ЎзА мухбири