Фарғонада хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ривожланмоқда
Фарғона вилоятида 2021 йил якуни билан жами хизматлар ҳажми 17,8 триллион сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан ўсиш 120 фоиз бўлди ва бу республика кўрсаткичидан ҳам юқорилагани алоҳида эътирофга лойиқ.
Хизматлар соҳасининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 37 фоизга етиб, 1,8 трлн. сўмлик 5 минг 802 та янги лойиҳа ишга туширилди. Ушбу лойиҳалар доирасида мобиль хизмат (фуд трак), аҳолига озиқ-овқат етказиб бериш, транспорт воситалари ижараси, онлайн кредит каби жаҳон андозаларига мос хизмат турлари ҳаётга татбиқ этилди.
— Хизмат кўрсатиш соҳасида қарийб 25 мингта янги иш ўринлари яратилди ва вилоятда иш билан банд аҳолининг 48,1 фоиз улуши ушбу соҳага тўғри келмоқда, — дейди Фарғона вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси Хизматлар соҳасини ривожлантириш ва истеъмол товарлари нархини мониторинг қилиш ва инновациялар бўлими бошлиғи Аброржон Холиқов. — Айтиш керакки, айниқса, соғлиқни сақлаш, транспорт, таълим ва молиявий хизматлар жадал ривожланяпти.

Фарғона ва Қўқон шаҳри, Қува, Риштон ва Бешариқ туманларида лойиҳа-таҳлил марказлари ташкил этилиб, бизнес-режалар ишлаб чиқиш, касбий кўникмаларни шакллантириш ва тадбиркорликни бошлашгача бўлган барча жараённи қамраб олган комплекс хизматлар йўлга қўйилди.
Вилоят шаҳар-туманларида 27 та кўча танлаб олинди ва савдо ҳамда дам олиш марказлари ташкил этилди. Умуман олганда, ўтган йили вилоятда аҳолига сифатли сервис ва савдо хизматларини йўлга қўйиш мақсадида 29 та йирик савдо комплекси ва супермаркетлар ишга туширилиши натижасида 800 нафардан кўпроқ йигит-қизлар муқим иш ўрнига эга бўлдилар.
Жорий йилда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида хизмат кўрсатишни иқтисодиётнинг “драйвери”га айлантириш учун аниқ манзилли, моҳиятан долзарб вазифалар белгиланган. Хусусан, маҳаллаларда хизмат турларини кўпайтириш, шу жумладан, 18 хил турдаги хизмат кўрсатиш шахобчаларини ташкил этиш мақсадида умумий қиймати 4,7 трлн.сўм бўлган 3881 та лойиҳалар амалга оширилади ва 69 мингта янги иш ўринлари яратилади.
М. Сулаймонов, ЎзА