Фарғонада “валюта операцияси”га нуқта қўйилди
Барчамизга маълумки хорижий валюталарни айирбошлаш, сотиш ва сотиб олиш бўйича қонунчилигимизда муайян нормалар белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга нақд валюта маблағларини Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш борасида енгилликлар яратилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар замирида эса халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиёти ётиши ҳеч кимга сир эмас. Лекин амалдаги қонун талабларига риоя этмай, ўз манфаатини кўзлаган ҳолда айланма йўллар орқали нақд валюталарни олиб чиқишга уринаётган юртдошларимиз ҳамон учраб турибди. Фарғона вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан шундай ҳолатлар фош этилди.
Фарғона туманида туғилган Р.Р. Қирғизистон фуқароси бўлган А.А. билан анча вақтдан буён таниш эди. Улар гапни бир жойга қўйиб, ўзларича режа тузишади ва мўмай даромад топиш ҳаракатига тушишади. Яъни Р.Р. ўз таниши Ж.Т. билан тил бириктириб, чегара яқинида жойлашган Миндон қишлоғи четида кўп миқдордаги АҚШ долларини қўшни давлат ҳудудидаги А.А.га ўтказа бошлашади. Аниқроқ айтилса, чегара сим тўсиқларининг бу тарафидан матога ўралган валюталарни улоқтиришади, нариги тарафда эса А.А. “қабул қилиб олади”. Бу иш асосан тонг саҳар вақтида юз беради. Шу тарзда бу жиноий гуруҳ томонидан бир неча бор “валюта операцияси” муваффақиятли амалга оширилади. Албатта, ҳар бир ўтказмадан сўнг улар 100-200 АҚШ доллари миқдорида “сийланишади”. Лекин...
Жорий йил 8 июль куни ҳар доимгидай Р.Р. билан келишилган жойга ўзининг “Кобальт” русумли автомашинасида отланган Ж.Т. бу охиргиси эканини хаёлига ҳам келтирмади. У Фарғона тумани “Миндон – Боймаҳалла” йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтида ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида жиноят устида қўлга олинди. Ундан 152 минг 663 АҚШ доллари (1 миллиард 665 миллион 905 минг сўмга тенг) миқдорида қора целлофанга ўралган пул маблағлари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди. Унинг жиноий шериги Р.Р. ҳам тезкорлик билан ушланди.
Гувоҳлар ва далилий ашёлар асосида олиб борилган тергов ишлари якунланиб, мазкур жиноий иш судда кўрилди. Суд эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида айбдор деб топиб, ҳар иккисига қилмишига яраша жазо тайинлади. Ашёвий далил сифатида олинган 152 минг 663 АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эса давлат эгалигига ўтказилди.
М.Сулаймонов, ЎзА