Фарғонада туризм кўчаси ташкил этилади
Фарғона вилояти Фарғона шаҳрининг Каштанзор кўчаси негизида янги туризм объекти ташкил этилади. Яқин орада бу ер шаҳар аҳолиси ва сайёҳлар учун энг севимли масканга айланади.
Фарғона деҳқон бозоридан “Пингвин” кафесигача бўлган 2-2,5 километр узунликдаги ҳудуддаги “Туризм кўчаси” ни хиёбон кўринишида қуриш режалаштирилган. Замонавий ёритгичлар ўрнатилади, мавсумий ноқулай об-ҳаво шароитларида ўриндиқли соябонлардан фойдаланилади.
Бундан ташқари, сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш борасида санитария-гигиена пункти ва туризм ахборот маркази ташкил этилади.
“Алишер Навоий” кинотеатри, вилоят маданият уйи, “Ёшлик” ресторани, Деҳқон бозори, “Azia.uz” супермаркети, “Bоок cafe” каби мажмуаларнинг ҳам ушбу ҳудудда жойлашганлиги “Туризм кўчаси” га янада кўпроқ сайёҳларни жалб этиш имкониятини беради.

Мазкур объектда сайёҳларнинг “шоппинг” қилиши, китоб ўқиши, севимли фильмини кўриб, маданий ҳордиқ чиқариши, маданият уйи ходимлари томонидан ташкиллаштирилган турли бадиий чиқишлардан баҳраманд бўлиши мумкин.
“Туризм кўчаси”ни энг аввало, халқимизнинг миллий ҳунармандчилиги, маданияти, санъати, кундалик турмушини намоён этувчи гўша сифатида меҳмонлар учун ташриф объектларидан бирига айлантириш кўзда тутилган. Кулолчилик, атлас-адрас тўқиш устахоналари учун алоҳида жой ажратиш шулар жумласидандир.
Лойиҳа доирасида пиёдалар, велосипедлар учун алоҳида йўлаклар ва кўча бўйлаб сайр учун махсус кичик транспортлар фаолияти ҳам йўлга қўйилиши белгиланган. Селфи ва Wi-Fi зоналари бунёд этилаётган ушбу кўча тез орада Фарғонанинг таянч нуқталаридан бирига айланади.
М. Сулаймонов, ЎзА