Фарғонада тиббиёт ходимлари шарафланди
Фарғонада Тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланиб, уларнинг шарафли меҳнати эътироф этилмоқда. Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда барча шаҳар ва туманлардан тиббиёт ходимлари, соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарлари ва масъул ходимлари, фахрийлар иштирок этди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Вилоят раҳбари беморлар дардига шифо бўлиш, халқимиз саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилишдек шарафли йўлда ўзларини аямасдан фидокорона меҳнат қилаётган соҳа ходимларини касб байрамлари билан қутлади.
Мамлакатимизда эришилаётган ҳар бир ютуқларимизда, амалга оширилаётган эзгу тадбирларимизда соғлиқни сақлаш ходимларининг ўз ўрни, мавқеи бор, албатта. Чунки халқ саломат бўлмаган жойда жамият ҳам тараққий этмайди. Шу боис ҳам тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Вилоятда соғлиқни сақлаш соҳасидаги кенг кўламли ишлар ўз самарасини бериб, тиббий хизмат сифати яхшиланди. Хусусан, 30 дан ортиқ юқори технологик операция турлари амалиётга тадбиқ этилиши натижасида ўтган 10 ой давомида 3 минг 600 дан ортиқ фуқарога юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишга эришилди. Давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда хусусий тиббиёт ҳам жадал ривожланаётган бўлиб, жорий йилнинг ўзида 48 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди.
Жорий йилда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг мукаммал таъмирдан чиқарилган 7 қаватли даволаш биноси ҳамда янги қуриб битказилган қабул-диагностика биноси фойдаланишга топширилди. 32 миллиард сўм сарфланиб амалга оширилган қурилиш ва реконструкция ишлари натижасида муассасада бир суткада бемор қабул қуввати 150 тадан 400 тага етказилди. Бу ерда барча шароитлар яратилди.
Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан куни кеча эълон қилинган Президент фармонига кўра, давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан мукофотланган уч нафар вилоят тиббиёт соҳасига вакилларига мукофотлар тантанали тарзда топширилди.
[gallery-14528]
Тадбирда вилоят ижтимоий ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан вилоятда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг жорий этишга ва тиббий маданиятни оширишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган тиббиёт соҳаси ходимларининг катта гуруҳи вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи, ташаккурномаси ва совғалари, ўз ҳаётини инсоннинг соғлиғи ва ҳаёти тўғрисида ғамхўрлик қилишга бағишлаган тиббиёт ходимларидан яна бир гуруҳи “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбир доирасида вилоятдаги барча шаҳар ва туманлар тез тиббий ёрдам бригадаларига янги "Caddy Volkswagen" замонавий автотранспорт воситалари топширилди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат),
ЎзА мухбирлари