Ақл ва замонавий илм ҳисобидан дунёнинг тараққий этган мамлакатига айланган Японияни кўп бор мисол қилиб келтирамиз. Ўзбекистон ёш йигит-қизлари ана шу йўлни танлади. Бугун барча вилоятларда Фарғонадаги каби IT парклар мавжуд. Уларда ёшлар ўз “startup” лойиҳаларини яратмоқдалар.
Бугун Фарғонага ана шундай иқтидорли ёшлар йиғилдилар. IT парк томонидан ёш стартапчилар ўз лойиҳаларини тақдим этиш ва маслаҳат, ёрдам билан ривожлантириш имкониятини берувчи “Fergana Startup day” тадбири бўлиб ўтди.

– Мақсад водий ёшларининг инновацион ва стартап лойиҳалари билан танишиш ва уларнинг эгаларини топиш, яъни лойиҳани молиялаштирувчи “Ventures” фондлар ўзи қидирган лойиҳани топишга ёрдамлашдилар, – дейди IT парк Фарғона филиали раҳбари Баҳодиржон Жалолов. – Қолаверса, инвесторлар, “Ventures” фондларни лойиҳа муаллифлари билан бирлаштирдилар.

“Fergana Startup day” тадбирида тақдим этилган лойиҳалар билан Фарғона ёшлари, ёш АКТчилар, талаба ва ташкилотчилар ҳамда ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар топишдилар. Нуфузли ҳайъат ҳар бир лойиҳани мукаммал ўрганиб чиқди ва бир неча босқичда улар орасидан энг самарадорларини ялпи тақдимотга ажратиб олди.

– 150 га яқин лойиҳа рўйхатдан ўтган эди. Улардан дастлабки босқичда 30 тасини саралаб олдик, – дейди Баҳодиржон Жалолов. – Энг яхши 10 та лойиҳа онлайн баҳоланиб, ғолиб сифатида эълон қилинди.
Шундан сўнг куннинг асосий кутилган воқеаси бошланди. Ҳайъат, ташкилотчилар ялпи йиғилишда сўзга чиқиб, лойиҳаларга тасниф беришди.

Шу нарса таъкидландики, айни вақтда Фарғона вилоятидаги 19 та шаҳар-туманнинг барчасида IT шаҳарчалари бунёд этилмоқда. Ҳозирнинг ўзида вилоятда 6 мингдан зиёд стартапчи ёшлар ўз лойиҳаларининг устида ишлашяпти. Мазкур тадбир иштирокчиси бўлган лойиҳалар эса 400 мингдан то 1,5 миллион долларгача қийматга эгалиги қайд этилди.
Шу куни энг самарали лойиҳалар Ўзбекистоннинг етакчи “Ventures” фондлари томонидан молиялаштириш учун қабул қилинди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/2y6TdvaWEZg" title="Farg`onada “стартуп” loyihalari tanlovi o`tkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат),
ЎзА