Фарғонада солиқ ислоҳотларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти солиқ бошқармасида “Солиқ ислоҳотлари: кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янги имкониятлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти ва мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
Тадбирда солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А. Ботиралиев давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 26 майда қабул қилинган “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат кичик бизнес субъектлари учун солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш ва бизнесни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган.
[gallery-30027]
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 июндан кичик бизнес субъектларининг умумий солиқ режимига ўтиш чегараси 1 миллиард сўмдан базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 минг бараваригача, яъни қарийб 5 миллиард сўмгача оширилди. Бу эса тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини янада кенгайтириш имконини беради.
Шунингдек, 2026 йил 1 июндан 2030 йил 1 январга қадар умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда. Унга кўра, ҚҚС ставкаси 6 фоиз этиб белгиланиб, фойда солиғи бўйича ҳисобот тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.
Матбуот анжуманида кичик бизнес субъектларига солиқ хавфларини мустақил бартараф этиш имконияти яратилаётгани, шунингдек, айрим ҳолатларда солиқ аудити ва сайёр солиқ текширувлари ўтказилмаслиги ҳақида ҳам маълумот берилди.
Бундан ташқари, умумий овқатланиш корхоналари учун ҚҚСнинг бир қисмини “кешбэк” тарзида қайтариш бўйича қўшимча енгилликлар ҳамда айрим тоифадаги ходимларни ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақи тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилаётгани таъкидланди.
Тадбир давомида журналистлар ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Матбуот анжумани якунида 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритиш ва самарали ҳамкорлик учун бир гуруҳ журналист ва блогерлар ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА