Фарғонада референдум ўтказишга барча участкалар тайёр
Мамлакатимизда жорий йилнинг 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдуми ўтказилади.
Фарғона вилоятида мазкур сиёсий жараёнга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш белгиланган чора-тадбирлар асосида амалга оширилмоқда. Айни кунларда шаҳар ва туманларда 1 минг 209 та референдум участкаси ташкил этилган. Улар белгиланган талаблар асосида жиҳозланиб, шай ҳолатга келтирилди. Шу билан биргаликда участка комиссиялари аъзолари учун сиёсий билимларни мустаҳкамлаш мақсадида ўқув семинарлари ўтказилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 11-Фарғона округ комиссияси самарали фаолият кўрсатмоқда. Округ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгашининг биносида жойлашган. Унинг тўртинчи қаватида матбуот маркази ташкил этилиб, журналистлар учун барча шароитлар яратилди. Маълумки, референдум фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Вилоятда 2 миллион 209 мингдан ортиқ фуқаролар конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда мазкур жараёнда овоз бериши кутилмоқда. Уларнинг 82 минг нафари илк бор овоз берувчи ёшлардир. Участкаларда референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқароларнинг муддатидан олдин овоз бериш ишлари якунланди. Вилоят бўйича жами 108 мингдан ортиқ фуқаро томонидан муддатидан олдин овоз берилди.
М.Сулаймонов, ЎзА