Фарғонада рақамли касблар имкониятлари тақдим этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Ёш мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби” лойиҳалари битирувчилари иштирокида тақдимот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат идоралари, ташкилот ва муассасалар, йирик саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналари вакиллари, тадбиркорлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
[gallery-30684]
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази масъул ходими Рустам Халилов сўзга чиқиб, мазкур лойиҳаларнинг аҳамияти, ёшларни замонавий касбларга йўналтиришдаги ўрни ҳақида сўз юритди. Таъкидланганидек, “2025–2027 йилларга мўлжалланган оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва медиа платформалари учун контент тайёрлаш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш бўйича дастур” ижроси доирасида мамлакатимизда “Мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби” лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда.
Қайд этилганидек, лойиҳа доирасида республика бўйича 10 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз таълим олиб, замонавий медиа соҳасида фаолият юритиш имкониятига эга бўлган. Жумладан, Фарғона вилоятида 200 нафардан зиёд SMM мутахассиси ва 100 нафардан ортиқ мобилограф тайёрланган.
Тадбирда “Мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби”нинг фаолияти, ўқув жараёнлари, шунингдек, дастур битирувчилари бўлган фарғоналик ёшларнинг амалий ишлари ва эришган натижалари тақдим этилди.
Тақдимот давомида ташкилотлар фаолиятини замонавий талаблар асосида ёритиш, профессионал медиа-контент яратиш, рақамли маркетинг воситаларидан самарали фойдаланиш ҳамда ижтимоий тармоқларда фаол иш олиб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида давлат ва хусусий сектор вакилларига лойиҳа битирувчиларининг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларни иш билан таъминлаш, шунингдек, ташкилотларнинг медиа фаолияти ва ижобий имижини янада мустаҳкамлаш юзасидан тавсиялар берилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА