Фарғонада педагогларнинг билим ва маҳорати синовдан ўтказилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги 28-умумтаълим мактаби биносида вилоят таълим муассасалари педагоглари иштирокида аттестация синовлари ўтказилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрлари малака тест синовларидан ўтказилиши белгиланган.
Янги тартибга кўра, синовлар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда мутахассислик фанидан педагогларнинг билими (билиш, қўллаш, мулоҳаза қилиш кўникмалари), иккинчи босқичда уларнинг педагогик маҳорати баҳоланади. Бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволи берилади.
Иккинчи босқичда иштирокчиларнинг педагогик маҳорати баҳоланади. Бунда 10 та савол-топшириқ берилади.
Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига барҳам берилади.
Таъкидлаш керак, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтказилган аттестация жараёнларига вилоят бўйича жами 25 минг 209 талабгор педагогдан ариза келиб тушган бўлиб, улардан 18 минг 825 нафари тест жараёнларида иштирок этган.
Мазкур синовнинг иккинчи ярим йиллигида ўтказилаётган жараёнларга жами 21 минг 209 талабгор педагогдан ариза келиб тушган бўлиб, улардан 17 минг 519 нафардан зиёди тест жараёнларида иштирок этиши кутилмоқда.
[gallery-20088]
Аттестация натижалари QR-код қўйилган электрон шаклда педагогларнинг шахсий кабинетига юборилади.
Таълим сифатини оширишда ўз устида тинимсиз ишлайдиган, билими ва тажрибаси юқори бўлган ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. Ушбу аттестация синовлари айнан ана шундай малакали ўқитувчилар сонининг ортиши ва бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатимизда таълим сифатининг янада юксалишига хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА