Фарғонада пахта ҳосилдорлиги йилдан йилга ошмоқда
Фарғона вилоятида пахтачилик-тўқимачилик кластерлари ва фермерлар ҳосилдорликни ошириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этишга муҳим эътибор қаратаётгани ўз самарасини бермоқда. Биргина ўтган йилда 225 миллион долларлик 55 та лойиҳа амалга оширилди. Пахтачиликни илм асосида ривожлантириш бўйича кўплаб ишлар олиб бориляпти.
Ёзёвон туманидаги “Мезон” фермер хўжалиги пахтадан 60 центнердан ҳосил олиш тажрибасини яратди, бу вилоят бўйлаб оммалаштириляпти. Асосийси, кластерлар фермерларнинг кўмакчисига айланди, манфаатдорлик ошди. Айни кунларда пахта йиғим-терими давом этаётган бўлиб, аксарият фермер хўжаликлари шартнома режаларини ортиғи билан уддалашди.

Жорий мавсумда 5 минг 200 гектар майдонга чигит қадаган Фурқат тумани пахтакорлари қабул пунктларига 19 минг 400 тоннадан ортиқ пахта териб топширди. Ҳар бир гектар ердан олинган ҳосилдорлик салмоғи 38 центнерга етди. Бу ўтган йилларга қиёслаганда 6-7 центнерга кўп.
Пахтачиликни ривожлантириш, фермерлар манфаатдорлигини ошириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ютуқлар омили бўлмоқда. Кластерлар кўплаб муаммоларни ҳал этиб, фермерларни қўллаб-қувватламоқда. Илгариги пахта етиштириш билан боғлиқ муаммолар бугун деярли бартараф этилган.

”Ойбек Тоштемиров”,”Комилжон Усмонов”, ”Қолгандарё чорва”, ” А. Мансуров”, “Интеграл”, “Ҳамзали Ғаниев” сингари фермер хўжаликлари дастлабки теримнинг ўзида гектаридан 50-55 центнердан ҳосил териб олди.
Далаларда ташаббускор ҳашарчи -теримчилар учун алоҳида шарт-шароитлар яратиб берилиб, илғорлар рағбатлантириб борилмоқда.
– Ҳар куни 180-200 килограммга етказиб пахта теряпман, – дейди “Ҳамзали Ғаниев” номли фермер хўжалиги аъзоси Маҳлиё Эгамбердиева. – Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 10 миллион сўмдан ортиқ даромад топдим. Теримчилар учун бепул тушлик, транспорт хизматлари йўлга қўйилган.

– Ҳали далаларимизда ҳосил чўғи мўл, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Тоиржон Сиддиқов. – Пахта тайёрлаш йиллик режаси бажарилган бўлса-да, терим суръати бир дам тўхтагани йўқ. Гектарлардан қанча кўп ва сифатли ҳосил териб олинса, манфаатдорлик ортади. Бу қишлоқда ҳам саноат тармоқлари фаолиятини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш имкониятини беради.
Умуман олганда, Фарғона вилоятида жорий йилда пахтадан мўл ҳосил олинаётгани қувонарлидир. Бу эса кластерларни янада ривожлантириш, илм ва тажриба билан ҳосилдорликни ошириш, ”хом ашё–тайёр маҳсулот–экспорт” занжири асосида барча имкониятларни ишга солишда муҳим омил бўлади.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири