Фарғонада Ўзбекистон Республикасининг улкан байроғи ҳилпирайди
“Фарғона” дала-ўқув майдонида Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, Фарғона вилояти ва Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган ҳарбий ватанпарварлик фестивали бўлиб ўтди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар ва ёшлар иштирок этган тадбирда ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Л.Бузруков сўзга чиқиб, барчани давлатимиз байроғи қабул қилинган кун билан табриклади.
– Юртимиз байроғи – ўтмиш, бугун ва келажагимизнинг ёрқин тимсолидир, – дейди вилоят раҳбари. – Мусаффо осмонимиз узра мағрур ҳилпираётган юрт байроғини кўрган пайтимизда қалбларимиз беихтиёр тўлқинланади, фахр-ифтихор пайдо бўлади. Айниқса, мана шундай тадбирларни кўпроқ ўтказишимиз керак. Ёшларимизни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялашда бунинг аҳамияти катта. Бу байрам ҳам бизнинг ғурур-ифтихоримиздир.
Фарғона шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм ҳаво десантчиларининг давлатимиз байроғи билан сакраш машқлари намойиш этилди. 2 минг 500 метр баландликдан Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг 1 100 метр квадрат ҳажмдаги шакли билан экстремал шароитда парашютдан амалий сакраш машқи эса иштирокчилар қалбида фахр-ифтихор уйғотди.
[gallery-4708]
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА