Фарғонада Ўзбекистон касаба уюшмалари куни нишонланди
Мамлакатимизда 11 ноябрь - Ўзбекистон касаба уюшмалари куни сифатида белгиланиб, шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида ушбу сана катта тантана, байрам тарзида нишонланмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши томонидан “Сарбон” тантаналар мажмуасида мазкур санага бағишланган “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев бугунги кунда мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири сифатида фаолият кўрсатиб келаётган соҳа ходимларини самимий қутлаб, касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда Фарғонада ўзига хос тажриба мактаби яратилганини эътироф этди. Хусусан, биргина “Аёллар дафтари” билан ишлаш борасида вилоятда 100 минг нафардан зиёд хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилгани алоҳида қайд этилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, ўтган даврда касаба уюшмалари томонидан барча соҳаларда ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди. Айниқса, сўнги йилларда касаба уюшмалари жамиятнинг муҳим бир бўғини сифатида эзгу ташаббусларни рўёбга чиқаришда фаоллик кўрсатмоқда.
[gallery-4538]
Ҳозирги кунда вилоятда касаба уюшмалари тизимида 3,5 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотларда 462 мингдан зиёд фаоллар меҳнат қилмоқда. Касаба уюшмалари томонидан ишчи-ходимларни касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Байрам тадбирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан эълон қилинган танловнинг “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг яхши аёл иш берувчи”, “Касаба уюшмалари лауерати мукофоти” сингари турли номинациялари ғолиблари диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбирда 82 нафар касаба уюшмалари фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Касаба уюшмалари кунига 1 йил” кўкрак нишони топширилди. Байрам дастури эса барчага қувонч улашди.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА