Фарғонада оромгоҳлар болажонларни кутмоқда
Фарғона вилоятидаги оромгоҳларга жорий мавсумда 10 мингдан зиёд бола қамраб олиниши мўлжалланган бўлиб, 14 та стационар оромгоҳ болаларга ёз мавсумини кўнгилли ўтказишга хизмат қилади. Шу боис барча оромгоҳлар шай ҳолатга келтирилиб, ҳар бир кун мароқли ўтиши учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
– Бу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 ноябрь кунги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган, – дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Давлатжон Бобоев. – Вилоятимизда ёз мавсуми давомида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ишларига пухта тайёргарлик кўрилди. Бу йилги ёз мавсумида Фарғона вилоятида 14 та стационар оромгоҳ фаолият юритиши ва уларда 10 минг 610 нафар (7-14 ёшдаги) ўғил-қиз дам олиши ҳамда соғломлаштирилиши белгилаб олинди. Соғломлаштириш оромгоҳларини мавсумга тайёрлаш мақсадида жорий таъмирлаш ишлари 25 май куни тўлиқ якунланди.

Тараддуд ишлари доирасида 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Мисол учун, Риштон туманида жойлашган “Риштон” оромгоҳида чўмилиш ҳавзаси қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қувасой шаҳридаги “Водий гавҳари” оромгоҳига янги ичимлик суви тармоғи тортилди.
Ўз навбатида, вилоятда ўқувчиларнинг йил давомида мароқли ҳордиқ чиқаришига эришиш ҳам устувор вазифалар сирасига киритилган. Шу мақсадда жорий йилда вилоятнинг олис Сўх туманида жойлашган “Сўх” оромгоҳи ёзги мавсумдан ташқари сентябрдан май ойигача фаолият олиб бориши режалаштирилди. Ҳозир бунинг учун барча зарур шарт-шароит яратилмоқда.

Бундан ташқари, мавсум ҳозирлиги жараёнида Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари томонидан барча оромгоҳларда болаларни дам олдириш, соғломлаштириш бўйича белгиланган талабларга риоя этилганлиги ўрганилди ҳамда аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
Шунингдек, мавсум давомида болалар соғломлаштириш оромгоҳларида фаолият олиб борадиган катта тарбиячи, тарбиячи ва етакчилар учун ҳар бир смена учун 12 кунлик намунавий дастур ишлаб чиқилди. Ўтган даврда дастурнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган тадбирларни ташкил этиш бўйича ўқув-семинар ташкил этилиб, тарбиячи ва етакчиларнинг малакаси оширилди. Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан оромгоҳларда маънавий-маърифий тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири