Фарғонада нега мош арзонлашиб, сабзи қимматлашди?
Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича ҳамиша мамлакатда етакчилик қилади. Бу йил ҳам анъана бузилмади. Аммо маҳсулот турлари бўйича кўрсаткичлар ўзгариб кетди. Мош экспортбоп эди. Деҳқон қанча ҳосил олса, шунчасини четга юбориш мумкин бўлган. 2025 йилнинг январь-апрель ойларида эса вилоятдан атиги 332,7 тонна мош экспорт қилинди. Қолаверса, нархи ҳам пасайди, яъни 269,4 минг АҚШ доллари қийматини ташкил этди. Натижада вилоят ички бозорида мошнинг нарҳи сезиларли даражада арзонлашиб, 1 килоси 8-14 минг сўмни ташкил этмоқда.
Кутимаганда хорижда ўзбек деҳқонлари етиштирган сабзига талаб кучайди. Фарғона вилоятининг ўзида 2025 йилнинг тўрт ойида хорижга 994,5 минг долларлик 5,8 минг тонна сабзи сотилди. Буни қарангки, бозор-бозорда, ички расталарда янги сабзи қимматлашиб, 1 килоси 5-6 минг сўмдан сотилмоқда.


Биз билан суҳбатда бўлган харидорлар қизил ош лавлагиси нархи ошиб, килоси 8-10 минг сўмдан сотилаётганидан, редиска нархи ҳам кун сайин пасайиш ўрнига кўтарилаётганидан хавотирлик билдирдилар. Кейинчалик маълум бўлишича, Фарғона вилоятида илк бор тўрт ойда 1,3 минг тонна редиска ва 1,1 минг тонна лавлаги экспорт қилинган экан.


2025 йил январь-апрель ойларида Фарғона вилоятидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти
Сабзи 5,8 минг тонна 994,5 минг $
Редиска 1,3 минг тонна 592,3 минг $
Лавлаги 1,1 минг тонна 612,1 минг $
Мош 332,7 минг тонна 269,4 минг $
Ерёнғоқ 160,1 минг тонна 193,9 минг $
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА