Фарғонада "Маънавият фестивали" бошланди
Бугунги глобаллашув жараёнида дунёнинг ҳар қарич ерида инсон онги ва тафаккури учун жиддий кураш кетаётгани айни ҳақиқатдир.
Бирда ёвуз, бирда маданий кўринишдаги бу кураш ҳар биримиздан атрофга теран назар ташлаш, жаҳонда кечаётган турфа жараёнларни ақл ва тафаккур билан сарҳисоб этишга ундайди.Бу борадаги ишлар кўламини замонавий мезонлар асосида такомиллаштириш ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллигига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида барча ҳудудларда бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам “Маънавият фестивали" ўтказилмоқда. 14-17 июнь кунлари вилоят шаҳар-туманлари бўйлаб катта тантана сифатида нишонланадиган фестиваль доирасида 14 та йўналишда маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш кўзда тутилган.
Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасида “Маънавият фестивали” олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда республика “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов бошчилигидаги фан, таълим, санъат арбоблари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Таъкидлаб ўтилганидек, фестиваль кунлари “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс сари!”, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик”, “Янги Уйғониш даври китоб ва кутубхоналардан бошланади”, “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий”, “Маърифат соатлари”, “Фаол фуқаро”, “Бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий”, “Замон қаҳрамонлари” сингари йигирмага яқин йўналишда учрашувлар, маърифий суҳбатлар, бадиий кечалар ўтказилиши режалаштирилган. Қўқон шаҳрида эса мақом кечаси ташкил этилмоқда.
- Учинчи Ренессанс биринчи навбатда юксак маънавият, китобхонликни талаб этади,-деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ҳумоюн Акбаров. – Ҳозирги кунда кенг аҳоли қатламлари, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш учун бу каби тадбирларни ўтказишда янги ва таъсирчан усуллардан самарали фойдаланиш зарур.
Матбуот анжуманида вилоят ҳокими ўринбосари Файзулложон Қосимов, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова ва бошқалар фестиваль кунлари ранг-баранг мавзулардаги тадбирлар унутилмас таассуротларга бой тарзда ўтиши хусусида сўз юритди.
М. Сулаймонов, ЎзА