Фарғонада маҳаллабай кесимида муаммолар ўрганилмоқда
Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ҳамда масъул ходимлардан иборат Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида маҳаллабай кесимида муаммоларни ўрганиб, ҳал этиш чораларини кўрмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад аҳолини рози қилиш, турмуш даражасини янада яхшилашдир. Президентимиз барча даражадаги раҳбарларга ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, уларни ривожлантириш вазифасини қўймоқда. Маҳаллабай ишлаш тизими жорий қилиниб, хонадонма-хонадон аҳолининг муаммолари ўрганиляпти. Ҳудудларни ривожлантириш дастури ҳамда камбағалликни қисқартириш режалари мазкур тизим асосида ишлаб чиқилиши бўйича чора-тадбирлар белгиланаётгани аксарият масалаларга ечим бўлмоқда. Хусусан, айни кунларда Республика ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилоятининг шаҳар ва туманларида ўрганишлар олиб борилмоқда.
Марғилон – юртимизнинг кўҳна шаҳарларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда 238 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, истиқболли лойиҳалар асосида ҳудудни ривожлантириш бўйича манзилли ишлар давом эттирилмоқда. Марғилонликлар азалдан моҳир ҳунармандлар ва тадбиркорлари билан машҳур бўлиб, ҳозирда бу янада ривожланмоқда. 54 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатяпти. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўйича сезиларли ишлар бажарилмоқда.
“Ёйилма” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зойиржон Зайлобиддинов ёш тадбиркорлардан. У ўз хонадонида мебель ишлаб чиқариш цехини ташкил этган. Айни кунларда йигирма турдан ортиқ маҳсулотлар тайёрланаётган бўлиб, ички бозорга етказиб берилмоқда. Ҳозирда бу ерда 10 нафар маҳалла ёшлари иш билан таъминланган.
[gallery-970]
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Миллий банк масъуллари бу хонадонда бўлиб, тадбиркор билан суҳбатлашди. Зойиржон ишлаб чиқариш тармоғини кенгайтириш учун жой ва имтиёзли кредит зарурлигини билдирди. Унинг бу муаммоси ҳал этиладиган бўлди.
– Дастлаб сандиқ ясаш билан шуғулланганман, –дейди Зойиржон. – Ота-боболаримнинг ҳунари бўлгани учун ҳам соҳани янада ривожлантириш ҳаракатида бўлдим. Мебель тайёрлашни ҳам ўрганиб, шу йўналишда оилавий корхона очдик. Бу жой эндиликда бизга тор бўлиб қолди. Бугун кириб келган ишчи гуруҳга ўзимнинг режаларимни айтдим, улар буни қўллаб-қувватлашди. Режам амалга ошадиган бўлса, 50 нафар иш ўрни яратилади. Ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошади.
Зойиржон истиқомат қилаётган “Ёйилма” маҳалла фуқаролар йиғинида 808 та хонадон бор. Аксарият аҳоли ҳунармандлик билан шуғулланиб, рўзғор тебратади. Ишчи гуруҳи уйма-уй юриб, аҳолини тинглаяпти, кредит олиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш каби масалаларда яқиндан ёрдам бермоқда.
– Давлатимиз раҳбари маҳалла тизимига жуда муҳим эътибор бераётгани бизга масъулият юклайди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Розиқали Аҳмедов. – Ҳақиқатдан аҳолининг иссиқ-совуғидан яхши хабардормиз. Оғриқли жойларимизни яхши биламиз. Ҳудуддаги муаммоларни яширмасдан уларни ҳал этиш чораларини кўришимиз керак. Шунда одамларимиз рози бўлади. Республика ишчи гуруҳи аъзолари билан биргаликда хонадонларга кириб, одамларимизни дарди ташвишини эшитяпмиз. Аксарияти бундай эътибордан хурсанд бўлишмоқда.
Шаҳноза Сулаймонова “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Бу қизнинг ғайратига қойил қоласиз. Икки йил аввал пайпоқ ишлаб чиқариш тармоғини ишга туширди. У бошчилигидаги “Жаҳон ичра” оилавий корхонасида 8 нафар қиз меҳнат қилади. Жой ижарада бўлганлиги унинг янги ғояларига тўсиқ бўларди. Республика ишчи гуруҳи аъзолари маҳаллада ўрганишлар чоғида унинг бу муаммосини тинглаб, ечим топишди. Марғилон шаҳридаги “Ёшлар кичик саноат зонаси”да Шаҳнозанинг лойиҳаси учун ер майдони ажратиб берилди. Шунингдек, Миллий банк томонидан кредит ажратиладиган бўлди.
Бугун маҳаллаларда тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида юрганлар кўплаб топилади. Маҳаллабай ишлаш тизимида тадбиркорликни ривожлантириш, бу йўлдаги тўсиқларни бартараф этиш, ишсизларни касб-ҳунарга ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Марғилон шаҳрида ташкил этилган штаб томонидан кунлик ўрганишлар таҳлил қилиниб, муаммоларни бартараф этиш тадбирлари белгиланмоқда.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА