Фарғонада китоб фестивали бошланди
“Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган “Китобхонлик ҳафталиги” Фарғона вилоятида ҳам кўтаринкилик билан бошланди.
Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросими ҳақиқий китобхонлар байрамига айланди. Вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, кутубхоналарни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Халқни, келажагимиз бунёдкорлари бўлмиш ёш авлодни янги даврга муносиб қилиб тарбиялашда китобхонлик маданиятининг ўрни катта. Бу бежиз эмас. Бугун глобаллашув бутун ер сайёрасини қамраган бир даврда биз нажотни фақат илмдан, китобдан излашимиз талаб этилади. Юртимизда китобхонлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Вазирлар Маҳкамаси томонидан “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури” қабул қилинди. Шунингдек, ҳар йили апрель ойида бутун мамлакатимиз миқёсида “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилиши белгиланди. “Ёш китобхон” республика танлови эзгу мақсад йўлида ўтган беш йилда миллионлаб китобхонларни ўз атрофида жипслаштирди.
Фарғона вилоятидан ҳам Шарофат Исмоилова, Муҳаммадфозил Исмоилов, Абдуллажон Ниёзметовлар ана шундай юксак ва шарафли номга сазовор бўлди. Иккинчи маротаба ўтказилаётган ҳафталик доирасида вилоятда кўплаб тадбирлар ташкил этилади. Ҳафталик доирасида республикада I-Фарғона китоб фестивали ўтказилади. Унда республика ва вилоят нашриётлари, китоб дўконлари иштирокида китоб ярмаркалари ташкил этилади. Муаллифлик китоблари тақдимоти ва дастхат қўйиш маросимини ўтказиш учун республикамизнинг таниқли ижодкорлари жалб этилади. Фарғона тажрибаси сифатида шаҳар ва туман ҳокимлари – ҳудудий ахборот-кутубхона марказларининг фахрий раиси сифатида кутубхоналарда барча замонавий шарт-шароитларни яратиш, китоб фондини бойитишн энг муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Ижтимоий, адабий ва бадиий йўналишдаги “Энг яхши асар” танловини эълон қилиб, танлов ғолибларининг асарларини чоп этишга кўмаклашилади. Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар танлов ўтказилиб, ғолиб ижодкорлар эълон қилинади ва уларнинг асарлари 2023 йил апрель ойида ўтказиладиган китобхонлик ҳафталигига қадар чоп этилади. Вилоятдаги ҳудудий ахборот-кутубхона муассасаларининг китоб фондини бойитишга кўмаклашиш бўйича вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар, йирик корхоналар раҳбарлари бириктирилди. Улар ҳафталик давомида ёшлар билан учрашиб, кутубхоналар фондини бойитишга кўмаклашади. Республикамиздаги энг нуфузли кутубхоналардан бири – Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг жорий йилда замонавий таъмирланиши китобхонларга бўлган юксак эътибор намунасидир.
Тадбирда Фарғона туманидаги Шоҳимардон қишлоғидаги 1-умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан ўзбек шоирлари ижодидан намуналар ўқилди. Китоб кўргазмалари, ўқувчиларнинг ижодий ишлари барчада катта таассурот қолдирди.
[gallery-6675]
М.Сулаймонов, ЎзА
М. Қодиров (сурат),ЎзА