Фарғонада Касаба уюшмалари куни нишонланди
Фарғона шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят касаба уюшмалари тизими фаоллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими бугунги кунда касаба уюшмалари чин маънода умумхалқ ташкилотига айланиб бораётганини таъкидлади. Вилоятда ишчи-ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда, аҳоли турли қатламларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишда, давлат органлари билан ижтимоий шериклик масалаларида эришилаётган салмоқли натижалар учун соҳа ходимларига миннатдорчилик билдирди.
Айни пайтда вилоятда 3200 та бошланғич касаба ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Вилоят касаба уюшмалари ўз сафида 550 мингдан зиёд аъзони бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга яқиндан кўмаклашмоқда. Жорий йилда касаба уюшмалари томонидан ишчи-ходимлар меҳнат шароитини яхшилаш, уларнинг саломатлигини тиклаш, маданий ҳордиқ олиши, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
[gallery-14479]
Байрам тадбирида бир қатор соҳа фидойилари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан эълон қилинган “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” сингари танловлар ғолибларига диплом ва пул мукофотлари, эсдалик совғалари топширилди.
Таниқли ва хушовоз хонандалар ижро этган куй-қўшиқлар байрамга кўтаринки кайфият улашди. Тадбир вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган Жўра Маҳмудов муаллифлигидаги “Репортаж” спектакли намойиши билан якунланди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат), ЎзА мухбирлари