Фарғонада иқтидорли қизлар танлови
Фарғонада Зулфия номидаги давлат мукофотига номзодларни саралашнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Даставвал тадбир иштирокчилари халқ амалий ва тасвирий санъати намуналаридан ташкил этилган кўргазма билан яқиндан танишди.
Тадбирда истеъдодли қизларни танлаш ва уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришда, ижодкор, санъатсевар, олима, оқила, шоира, спортчи қизлар сафини кенгайиб боришида мазкур танлов муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.
– Зулфияхоним издоши бўлиш ҳар бир қизга фахр-ифтихор бағишлайди, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Кавлонова. – Шу боис ҳам танловда иштирок этиш истагидагилар сони йил сайин ошмоқда. Зулфия номидаги давлат мукофотига номзодлар танлови янги мезонлар асосида ўтказилмоқда. Бу мукофотнинг таъсис этилгани натижасида вилоятдаги кўплаб иқтидорли, истеъдодли қизларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
[gallery-9588]
Бугунгача вилоятдан мазкур мукофотга 28 нафар қиз жамоатчилик, адабиёт, санъат, спорт, фан ва таълим йўналишларида сазовор бўлган. Улар ҳозирда юртимизнинг турли жабҳаларида самарали фаолият олиб боришаётир.
Бу йил танловнинг шаҳар ва туманлар босқичида 687 нафар иқтидорли қизлар иштирок этди. Уларнинг орасидан муносиблари сараланиб, энг фаол, зукко, доно ва истеъдодли қизлардан 121 нафари танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.
Танловда иштирокчиларнинг чиқишлари, улар тайёрлаган ишлар, эгаллаган ютуқлар, забт этган марралари комиссия аъзолари томонидан оқилона баҳоланди. Танловнинг мамлакат босқичида иштирок этадиган муносиб номзодлар сараланди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА