Фарғонада ҳар бир оила парранда боқади
Парранда – етти хазинанинг бири.
Хонадоннинг бир бурчагида товуқ боқишни йўлга қўйиб, оила бюджетига яхшигина даромад келтириш мумкин. Фарғона вилоятида бу борада ўзига хос тажриба бор.
Айни кунларда барча маҳалла фуқаролар йиғинларида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ва ўз-ўзини банд қилиш истагидаги аҳолига ихчам инкубаторлар, товуқлар тарқатилмоқда. Афзаллик томони шундаки, эҳтиёжманд оилаларга субсидия ва имтиёзли кредитлар асосида етказиб берилмоқда. Янги иш бошлаган маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари уйма-уй юриш орқали ҳар бир хонадоннинг эҳтиёжлари, таклифларини ўрганиб, даромад топишига кўмаклашмоқда. Паррандаларнинг ҳозирги кунда аҳоли хонадонларида тухум йўналишидаги замонавий юқори маҳсулдор кроссларидан Ломанн (Германия), Хайсекс, Бованс, Декалб (Голландия), Хайлайн (АҚШ) ва Родонит-3 зотларини боқиш яхши самара беради. Ҳозирда бозорлардаги тухумларнинг 70 фоизи ломанни зотлари улушига тўғри келади, улардан уй шароитида бир йилда 270 донагача тухум олиш мумкин.
Ихчам инкубаторлар берилмоқда
Биламизки, парранда боқиш катта харажат талаб қилмайди, сақлаш иншоотлари жуда оддий. Мутахассислар фикрича, иқтисодий етакчи давлатларда ҳам паррандачиликка катта эътибор қаратилади. Чунки айнан паррандачилик аҳолини гўшт, умуман, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда асосий аҳамият касб этади. Аҳолининг иш билан банд бўлишига ҳисса қўшади. Айниқса, бизнинг шароитимизда ҳар бир хонадонда буни ташкил қилиш имкони бор. Паррандачилик билан шуғулланмоқчи бўлганларга инкубаторларнинг етказиб берилаётгани бунда қўл келмоқда.
Бугунги кунда вилоятда ҳар хил сиғимдаги инкубатор ускуналари ишлаб чиқарувчи кўплаб тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Инкубаторларнинг ўртача нархи 4-5 миллион сўм. Аҳолига имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига турли хил сиғимдаги (100 талик – 27 та, 200 талик – 19 та, 300 талик – 3 та, 500 талик – 20 та, 1000 талик – 15 та) инкубатор ўрнатиб бериляпти.
Янгидан иш бошлаётган ушбу фуқароларга соҳа мутахассислари ҳам бириктирилган бўлиб, улар мазкур йўналишда инкубатор эгаларига доимий маслаҳат бериб боради.
[gallery-6063]
Кооперация асосида товуқ боқилади
Тошлоқ тумани “Хамрак” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ғайратжон Акрамов ўз уйида паррандачиликни йўлга қўйганига ўн йил бўлди. Ёнига ака-укаларини ҳам олган. У турли товуқ зотларини парвариш қилиб, тухум етиштиришда яхши тажриба орттирди.
– Ҳозирда 1100 бош товуғимиз бор, – дейди у. – Ўзимизнинг Тошлоқ бозори, атроф қишлоқлардаги дўконларни тухум билан таъминлаяпмиз. Товуқларнинг 80-90 фоизи тухум беради. Бу бир суткага 800-900 дона тухум дегани. Кунига 600 минг сўмгача тухум сотамиз. Товуқлар бир кунда 400 минг сўмлик, 7 хил ем ейди. Битта товуқ бир кунда 180 грамм, мингта товуқ 180 килограмм ем ейди. Ўтган даврда 3-4 зотли паррандаларни боқиб кўрдик. Куни кеча Германиядан ломанн сенди зотли товуқларни олиб келиб, парваришлашни бошладим.
Эндиликда кооперация асосида маҳалладаги хонадонларда парранда боқиш тажрибаси кенг жорий этиладиган бўлди. Маҳалла ёрдамчиси Нодирбек Жўрабоев бу хонадонда бўлиб, Ғайратжон акага тармоқни кенгайтириш бўйича таклиф берган эди.
Айни кунларда 1 миллиардлик лойиҳа асосида паррандачилик кооперацияси ташкил этилди. Маҳалладаги кўплаб оилалар ҳам ўз хонадонларида товуқ боқиш, тухум етиштиришни йўлга қўйди. Кооперация эса уларга жўжаларни етказиб беради, даромад олишига кўмаклашади. 50 та оилага 100 бошдан жўжа тарқатиш режалаштирилган. Демак, битта маҳалланинг ўзида яна 50 та иш ўрни яратилади.
Ёшлар ҳам қизиқмоқда
Ўзбекистон туманида ижтимоий кўмакка муҳтож, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга бўлишларига кўмаклашиш юзасидан белгиланган муайян тадбирлар давом эттирилмоқда. 31 нафар ёшга ўз истак ва ҳунар кўникмаларига асосан замонавий мини инкубаторлар субсидия асосида топширилди.
Ёшларга ушбу жиҳозларни топшириш жараёнида ундан фойдаланиш тартиб ва усуллари ҳақида дастлабки тушунтиришлар берилиб, келгусида ҳам ишни тўғри йўлга қўйиш мақсадида мутахассисларнинг маслаҳатлари бериб борилиши таъкидланди.
– Ҳозир уйда 15 та товуқ боқамиз, – дейди “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 23 ёшли Отабек Абдуқаҳҳоров. – Паррандаларни парваришлаш, жўжа очтириб, уларни кўпайтиришга қизиқаман. Эндиликда, бундай қулай имконият орқали ишим янада юришади. Чунки инкубатор усулида маълум даврда, хоҳлаганча жўжа олиш имкони бор
“Зиё Нурсух” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жаҳонгирмирзо Одилов ҳам паррандачиликка қизиқади. Субсидия асосида кичик инкубаторнинг берилгани унга маъқул бўлди. Олиб келинган инкубатор ускунаси мингта тухумга мослаштирилган. Ҳисоб-китобларим бўйича 21 кунда мингта тухумни инкубаторга жойлаштириб, 85-90 фоиз тухумдан жўжа олишим мумкин. Буни пулга чақадиган бўлсам, олинган тухумларнинг тенг ярмидан кўпроқ соф фойда олишим мумкин.
Мухтасар айтганда, паррандачилик ҳар бир оиланинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилувчи, бозорларимиз тўкинлигини таъминловчи тармоқ ҳисобланади. Вилоятда бошланган бу борадаги ташаббус юзлаб оилаларга барака олиб кираётгани билан аҳамиятлидир.
Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА