Фарғонада энг фаол ҳоким ёрдамчилари тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги Тадбиркорлар уйида вилоят шаҳар ва туманларида фаолият олиб бораётган энг фаол ҳоким ёрдамчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазбек Ўринбоев, маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Аброр Раҳмонов иштирок этди.
Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари томонидан ҳоким ёрдамчиларига катта ишонч билдирилганлиги ҳамда бунга мос тарзда соҳа вакиллари халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш муҳим вазифа эканлиги қайд этилди.
Жорий йилнинг биринчи чорак якуни бўйича вилоятдаги 1062 маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчиларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) “Онлайн маҳалла” платформаси орқали автоматик равишда 0 дан 100 баллгача тизим бўйича баҳолангани таъкидланди.
Шундан келиб чиқиб, вилоятда энг яхши натижа кўрсатган Бағдод тумани “Чекхитой” МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Нурмат Ғозиевга Президентимиз томонидан ажратилган совға “MacBook Pro” ноутбуки тантанали топширилди. Ижобий натижага эришган 342 нафар ҳоким ёрдамчиси эса Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташаккурномалари билан тақдирланди.
[gallery-7236]
Тадбир давомида ҳоким ёрдамчиларининг иш фаолияти бўйича Фарғона вилояти республикада намунавий деб топилгани алоҳида эътироф этилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат) ЎзА