Фарғонада экошаҳар қурилиши бошланди
Фарғона шаҳар “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида экошаҳар барпо этилмоқда. Дашту дала қўйнида қад ростлайдиган яшил шаҳар минглаб оилалар учун макон, меҳнат маскани бўлади. Унинг қурилишида иштирок этиш истагида бўлган маҳаллий ва хорижлик инвесторларнинг сафи кундан кунга ортиб бормоқда.
Ўзига хос меъморий қиёфага эга шаҳарча лойиҳаси мамлакатимизда камёб саналади. Аҳоли учун яратилаётган шароит, зарур инфратузилма, ижтимоий иншоотларнинг мажмуа ҳолда бунёд этилиши шаҳарчанинг ҳақиқатан ҳам намунали лойиҳа асосида қурилишидан далолат беради.
Шаҳар об-ҳавосини мўътадиллаштириш, ҳудудни оби ҳаёт билан таъминлаш мақсадида лойиҳалаштирилган янги канал қурилмоқда. Умумий узунлиги 10 километрдан ортиқ бўлган тармоқ Фарғона туманидаги Шодиева номли каналдан сув олади. Ушбу канал экошаҳар ҳудудида 70 гектар майдонда ташкил этиладиган «Янги Ўзбекистон» боғини сув билан таъминлайди. Айни кунда бу ерда қудратли техникалар, юздан ортиқ қурувчилар меҳнат қилмоқда.

– Биз янги шаҳарнинг улкан иншооти қурилишида иштирок этаётганимиз билан фахрланамиз, – дейди “Фарғона сув махсус таъмир” МЧЖ раҳбари Ҳалимжон Ҳасанов. – Шу кунга қадар каналнинг 750 метрдан ортиқ қисми қуриб битказилди. Асосий мақсад – белгиланган вазифаларни ўз вақтида сифатли қилиб поёнига етказиш.
Умумий майдони 300 гектар бўлган 40 минг аҳолига мўлжалланган шаҳар ва унга туташ кичик саноат зонасида 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
– Бу ерда 7-25 қаватли 313 та 14 минг 244 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар, 10 та болалар боғчаси, 4 та мактаб, 1 та шифохона, 2 та спорт мажмуалари қурилади, 10 та тик қудуқ қазилади, – дейди Фарғона шаҳар ҳокимлиги қурилиш комплекси мутахассиси Баҳромжон Фозилов. –Манзарали дарахтлар орасида пиёда сайр қилиш, велосипедда ҳаракатланиш учун махсус йўлаклар ташкил этилади.
М.Сулаймонов, ЎзА