Фарғонада бир гуруҳ энергетикларга эсдалик нишони топширилди
Юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида ҳар биримиз учун энг улуғ, энг азиз бўлган тарихий сана – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги янги меҳнат марралари, кўнгилларда бир олам шодлик ва улкан орзу-умидлар билан кутиб олиняпти.
Турли соҳаларда фидокорона ишлаб, Ватан равнақи, эл-юрт фаровонлигини ошириш йўлида ташаббус кўрсатаётган бир юртдошларимизга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали тарзда топширилди.
Улар орасида “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятида самарали меҳнат қилиб келаётган 40 нафардан ортиқ энергетиклар ҳам бор.
Жамият томонидан “Asia Fergana” тантаналар саройида мукофот соҳибларини тантанали тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршидбек Аҳмедов сўзга чиқиб, бугунги кунда вилоятда электр-энергия таъминотини яхшилаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Бунда тизим ходимларининг хизмати катта эканлиги таъкидланди.
Бир гуруҳ ишчи-ходимларга “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Жамият бош директори Азизбек Сайдалиев эсдалик нишони билан тақдирланган ишчи–ходимларни қутлар экан уларга узоқ умр ва келгуси самарали иш фаолиятларига зафарлар тилади.
Тадбир иштирокчиларига байрамона дастурхон ёзилиб, яна бир бор ҳурмат эҳтиром кўрсатилди.
М.Сулаймонов, ЎзА