Фарғонада 30 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-тарож қилинган
Фарғона вилоятида сўнгги икки йилда 30 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 238 нафар, шунингдек, 50 га яқин шахслар порахўрлиги бўйича жиноий жавобгарликка тортилган.
Данғара тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Т. коррупцияга мойиллиги туфайли солиқ хизматидан бўшатилган М. ва И.ни ишга қабул қилиб, пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ тузган. Уюшган гуруҳ бошқа фуқаролар номига 22 та сохта фирмаларни очиб, уларга норасмий раҳбарлик қилиб келган.
Мазкур фирмаларда 268 миллиард сўмлик ноқонуний пул айланмалари амалга оширилиб, 19 миллиард сўм солиқ тўловидан қочишга эришилган, жиноий йўл билан топилган 200 миллион сўм легаллаштирилган. Ҳозирда солиқ раҳбари ва унинг 14 нафар жиноий шериклари судда жавоб бермоқда.

Бу ҳақда Фарғона вилояти прокурори Улуғбек Қосимов вилоятда коррупцияга қарши курашиш курашиш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Бугунги кунда вилоятда коррупция ҳолатлари кўп учраётган қурилиш, ер ажратиш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари жиддий танқид қилинди.
“Ермулккадастр” давлат корхонасининг Олтиариқ туман филиали мутахассиси Э.Мамарасулов фуқаролар О.Нажмитдинов ва Ф.Тожибоев-ларга 5 гектар ер ажратиб беришни ваъда қилиб, 22 минг АҚШ доллари ва 28,5 миллион сўм пулларни пора тариқасида олаётган вақтида ушланган. Суд томонидан Э.Мамарасуловга нисбатан қилмишига яраша жазо тайинланди.
Учкўприк тумани қурилиш бўлими бошлиғи Д.М. фуқаро А.Ҳ.га тегишли бўлган хусусий шифохона лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериш эвазига 800 минг сўм, фуқаро А.С.ни турар-жой биноларига техник лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериш эвазига 250 минг сўм пулларни пора тариқасида олган.
АТБ “Агробанк” Бувайда филиали бошқарувчиси О.Х.муқаддам ушбу банк бошқарувчиси бўлган, бироқ жуда кўп миқдордаги имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилгани учун 2 маротаба судланиб, банк тизимидан бўшатилган Х.М. билан жиноий тил бириктириб, болалар оёқ кийими ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш баҳонасида 3 йил муддатга 1 миллиард сўм миқдорда кредит маблағини ажратилишига эришиб, белгиланган мақсадда сарфламасдан талон-торож қилиб юборишган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Риштон туман халқ таълими бўлими мудири И.М. ва кадрлар бўлими мутахассиси А.В. 77 нафар ўқитувчининг малака тоифаси муддати ўтган бўлсада қалбаки хужжатлар асосида малака белгилаб, тарификация қилиши, устама ҳақларини ноқонуний тўлаши ва бошқа суиистеъмол-ликлари оқибатида 414 миллион сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

-Очиғини айтсам, аксарият идораларда ички идоравий назорат ҳамда юридик хизматнинг ўрни умуман сезилмаётганлиги, баъзи раҳбарларнинг ўзи бундан манфаатдор эмаслиги ҳам коррупцияга чек қўйишга имкон бермаяпти, -деди вилоят прокурори. -Вилоятимизда қонунлар ижроси устидан назоратга масъул бўлган 20 дан ортиқ назорат органлари мавжуд. Афсуски, бу идораларнинг фаолияти бугунги кунда мутлақо талабга жавоб бермаяпти. Сўнгги икки йилда биронта назорат идораси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга коррупция билан боғлиқ бўлган материал тақдим этилгани йўқ.
Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров жамиятда коррупция ва у билан боғлиқ ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш кераклигини таъкидлади.
Идоралараро йиғилишда муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
М. Сулаймонов, ЎзА