Фарғонада 2-сектор штаби намунали ташкил этилди
Мамлакатимиздаги ислоҳотлар негизи “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган муҳим ҳаётий тамойилга асосланган.
Президентимиз ташаббуси билан ҳудудларни секторларга бўлиб ишни ташкил этиш тизимининг жорий этилганлиги халқ билан манзилли мулоқотнинг йўлга қўйилишига имкон яратди.
Сектор раҳбарлари ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича салмоқли ишларни амалга оширмоқда. “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш, уларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўриляпти, жойлардаги муаммолар ҳал этилмоқда.

Фарғона вилоятида секторлар штабида шароитларни яхшилаш, қулайликлар яратиш ҳамда уларнинг ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон туманида “Қайнар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда вилоят 2-сектор штаби янги биносининг фойдаланишга топширилгани ана шу ишларнинг амалий ифодасидир.
Мазкур биноларнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров ва сектор раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, бу ерда шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, уларнинг котиблари иштирокида секторлар фаолияти юзасидан кўргазмали амалий семинар ташкил этилди.
Штабда барча шароитлар яратилган, вилоят, туман 2-сектори шу ерда фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон тумани прокурори, сектор раҳбари Мирвоҳид Отабоев ўз ҳудудида амалга оширилаётган ишлар тақдимотини ўтказди.

Прокурор секторида 18 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, 62 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. “Темир дафтар”га 831 та оила рўйхатга олиниб, ҳозирда уларнинг 660 таси камбағалликдан чиқарилди. Шунингдек, 2-сектор ҳудудида 16 та мактаб, 16 та мактабгача таълим ташкилоти, 5 та соғлиқни сақлаш муассасаси ҳам фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари фуқаролар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида телеграмм канал ҳам ишга тушган.
Семинарда вилоят раҳбари томонидан секторлар фаолиятини тизимли ташкил этиш, ҳудудларда аҳоли муаммолари ва мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг турмуш даражасини ошириш самарадорлигини кучайтириш юзасидан зарурий кўрсатмалар берилди.
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА