Фарғонада 1203 та сайлов участкалари тузилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссиясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида округ ҳудудида сайлов участкаларини тузиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараённи юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш ишлари қизғин давом этмоқда. 11-Фарғона округ сайлов комиссияси фаолияти учун барча шароитлар яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 10 ва 22- моддаларига асосан округ сайлов комиссияси ўз ваколатидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари тақдимномаларидан келиб чиққан ҳолда тузилиши белгиланган. Сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида сайлов участкалари туманларнинг, шаҳарларнинг, шаҳарлардаги туманларнинг чегаралари инобатга олинган ҳолда тузилади.

Мажлисда туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, ҳарбий қисмлар командирлари тақдимномаси асосида округ бўйича 1 минг 203 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Сайлов участкаларидан 888 таси умумтаълим мактаблари, 75 таси техникум, касб-ҳунар мактабилари, 13 таси олий ўқув юртлари, 40 таси маҳалла фуқаролар йиғинлари, 1 таси савдо маркази, 2 таси санаторийлар, 57 таси тиббий муассасалари, 1 таси қамоқда сақлаш жойлари, 14 таси ҳарбий қисмлар, 53 таси маданият ва спорт марказлари, 27 таси ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик субъектлари ҳамда 32 таси бошқа биноларда жойлашган.
– Сайлов кампаниясида сайловчиларни сайловда иштирок этишини таъминлашга масъул бўлган муҳим бўғин – бу округ ва участка сайлов комиссиялари ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11-Фарғона округ сайлов комиссияси раиси Эркинжон Нуралиев. – Шундан келиб чиқиб, округ сайлов комиссиясининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича иш режаси ишлаб чиқилиб, сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Шунингдек, матбуот маркази ташкил этилиб, фаолият кўрсатишни бошлади.

Сайлов участкалари тартиб рақами, жойлашган ери ва овоз бериш биноси, телефон рақамлари кўрсатилган ҳолда маҳаллий матбуотда эълон қилинади.
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат), ЎзА