Фарғона вилояти ижтимоий ходимлари “Заковат”да ғолибликни бўлди
Пойтахтимиздаги “Заковат арена”да Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “Бутунжаҳон ижтимоий иш куни” муносабати билан ўтказилаётган “Ижтимоий иш ойлиги” доирасида маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар ҳамда олий таълим муассасаларининг “ижтимоий иш” таълим йўналиши талабалари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ижтимоий соҳа вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, назарий билимлар билан амалий кўникмалар уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, ижтимоий ходимлар ва талабалар ўртасида тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
Интеллектуал беллашувда ижтимоий ходимлардан ташкил топган 14 та жамоа ҳамда олий таълим муассасаларининг “ижтимоий иш” таълим йўналиши талабаларидан ташкил топган 16, жами 30 та жамоа иштирок этди. Ҳар бир жамоа 6 нафар билимдон иштирокчидан иборат бўлиб, улар билим, тезкорлик ва мантиқий фикрлаш борасида ўзаро беллашди.
[gallery-28545]
Беллашув давомида иштирокчилар ижтимоий соҳа, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тарих, маданият ва умумий интеллектуал саволлар асосида ўз билимларини синовдан ўтказди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар иштирокчиларнинг интеллектуал салоҳиятини янада намоён этишга хизмат қилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай интеллектуал тадбирлар ижтимоий соҳа вакиллари ўртасида билим алмашиш, касбий малакани ошириш, жамоавий ишлаш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
“Ижтимоий иш ойлиги” доирасида ташкил этилган мазкур тадбир ижтимоий соҳада фаолият юритаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, ёш кадрларни рағбатлантириш ҳамда соҳа ривожига хизмат қилувчи янги ташаббусларни илгари суришда муҳим аҳамиятга эга.
“Заковат” интеллектуал ўйини якунига кўра ижтимоий ходимлар ўртасидаги беллашувда Фарғона вилояти жамоаси юқори интеллектуал салоҳият, тезкор фикрлаш ва жамоавий ҳамжиҳатликни намоён этган ҳолда фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда Самарқанд вилояти ижтимоий ходимлари муносиб иштирок этиб, фахрли 2-ўринни эгаллади. Шунингдек, Наманган вилояти ижтимоий ходимларидан иборат жамоа ҳам юқори натижаларни қайд этиб, 3-ўринга сазовор бўлди.
Беллашув давомида иштирокчилар ижтимоий соҳага оид билимлари, мантиқий фикрлаш қобилияти, тезкорлик ва жамоавий ишлаш кўникмаларини намоён этди. Ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур интеллектуал ўйин ижтимоий соҳа ходимлари ўртасида билим алмашиш, касбий маҳоратни ошириш ҳамда ҳудудлар ўртасида дўстона ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Шаҳноза Маматуропова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА