Фарғона ва Хоразм вилоятларида гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Бувайда туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Марғилон – Бувайда” йўналишида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган – Қўштепа туманида яшовчи шахснинг ёнида 1 кг. 187 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Бошқа ҳолатда эса Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида Урганч шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида 1995 й.т., муқаддам судланган шахснинг ёнидан ва вақтинча яшаш хонадонидан жами 620 гр. “гашиш” ва 297 гр. “мефедрон” гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Маълум бўлишича, мазкур наркотик моддалар Россия Федерациясидан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзгатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.
ЎзА