Фарғона: Маҳаллада иш ўрни ва муносиб даромад
Дастурхонларимизни безаб турадиган шоколадлар барчага ёқади, айниқса болаларга. Мана бу ерга айнан Россияда ишлаб чиқарилган ширинликлар, жумладан шоколадлар қўйилган. Келинг уларнинг мазасини татиб кўрамиз. Мана буниси “Ягода” деб номланади. Дарҳақиқат, булар жуда ширин. Бундан ташқари, унда янги узилган меванинг таъми бор. Россия шоколадларининг хуштаъмлигида Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Мадраҳимовлар оиласининг ҳам хиссаси борлигини биласизми?
Бешариқнинг “Абдувоит” маҳалласида яшовчи Мадраҳимовлар оиласи кўпчилик қўни-қўшниларнинг “ҳузури”ни бузди. Йўқ-йўқ. Улар безорилик қилмади, шовқин-тўполон кўтаргани йўқ. Ҳамма ҳам қила оладиган, аммо негадир эътибордан четда қолган “бизнес” ни йўлга қўйди. Даромад топишнинг йўлини амалда кўрсатиб қўйди.
Туман ҳудудининг ярми қир-адирларга тўғри келади. У ерда тупроқни “тезоб” дейдилар. Чунки тошлиқ ва баҳаво майдонда мевали кўчатлар тез ва мўл ҳосил беради. Шунинг учун бу оила ўрик боғ яратиб тирикчилигини қилар эди.

– Олдин бу иш жараёнини оилада турмуш ўртоғим, болаларим, маҳалладаги 3-4 нафар аёллар билан бошладик, – дейди оила бекаси Раъно Ўлмасова. – Ишимизни 5-6 йил давом эттирганимиздан сўнг, қарасак оиламизга яхши сармоя кираяпти. Сўнгра, фаолиятимизни кенгайтириб, кичик цех қурдик.
Мадраҳимовлар оиласи ўрик, олхўри, ғайноли каби хўл меваларни дастлаб ўзлари қуритдилар. Сўнгра қишлоқдошлари, ҳатто қўшни туманлардан, энди эса Наманган, Самарқанд вилоятларидан ҳам сотиб оладиган бўлдилар. Уларни саралаш, ювиш, қуритиш, қадоқлаш технологиясини Хитойдан келтиришди.
Ишлар шу қадар тезлашдики, яъни маҳсулот харидоргир бўлдики, ишчи ўринларини кўпайтирдилар. Лекин у ҳам камлик қилди. Шунда маҳалладаги уйда ўтирган хотин-қизлар, келинпошшою онахонларни ҳам касаначи сифатида жалб этдилар.

– Маҳаллалардаги 150 та хўжаликларга ўрик, олхўри мевасини данакларидан ажратиш учун тарқатамиз. Уйда ўтирадиган ёш болали аёллар, қариялар биздан миннатдор. Ғайноли мевасини ўзимизнинг автомашиналарда етказиб, тайёр бўлганидан сўнг йиғиб оламиз, – дейди Раънохон.
Шундай касаначи оилаларнинг бирида Муҳайё опа Ўлмасова бош бўлган гуруҳ қулай шароитларда ўйнаб-кулиб ишлаяпти. Ҳам даромад, ҳам кафолатли меҳнат суғуртаси.
– Биз оиламизда 9 жонмиз. Бу тўнғич келиним Ситорахон, кичик келиним Гулшодахон, – дейди Муҳайё Ўлмасова. – Меваларни данагидан ажратиш учун олиб келишгунича, уйдаги юмушларни бажариб бўламиз. Бўш вақтимиздан унумли фойдаланиб, даромад топаяпмиз.

Мадраҳимовлар оиласи ютуқлардан эсанкирамади. Электрон савдо саҳифаларидан янги буюртмалар излади. Энди ёнғоқ мағизи, бодом мағизи, писта, қуритилган тут, яъни тутқоқига харидорлар чиқди. Оила аъзолари яна Бешариқ қишлоқларидаги боғбонлар ҳузурига бориб, шундай маҳсулотлар учун шартномалар тузишди.
– Бу маҳсулотларни асосан Европа давлатларига, хусусан Полша, Беларус, Россия Федерациясига экспорт қиламиз. Айни кунларда қуритилган сиқма ғайнолини Хитой давлатига жўнатяпмиз. Ўтган йили 2 миллион долларлик экспортни амалга оширдик, – дейди Раъно Ўлмасова.
2024 йилнинг атиги январь-февраль ойида эса бу оилавий корхона 500 минг долларлик маҳсулот экспорт қилди. Энди ишлаб чиқаришни каттароқ корхонага айлантириш лойиҳасини амалга оширишмоқчи.
Тез орада Бешариқдан чиққан “TURIST AGRO” бренди халқаро кўргазмаларда танилиб кетса ажаб эмас.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/P6ra13rAkJc" title="Fargʻona: Mahallada ish oʻrni va munosib daromad" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон ОБИДОВ.
Тасвирчи: Элёр ОЛИМОВ.