ФарДУ – БМТ Академик Ташаббусининг расмий аъзоси
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим тизимида жиддий ва катта ўзгаришлар юз берди. Олий ўқув юртлари ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқига эга бўлди. Ана шундай олий ўқув юртларидан бири Фарғона давлат университетидир.
Билимдонлик ва ташаббускорлик билан бошқарув натижасида университетнинг илмий салоҳияти 54 фоизга етди, 8 та илмий Кенгаш ташкил этилди, таълим олаётган ёшлар сони 34 минг нафарга етди, янги ва замонавий талабалар турар жойлари барпо этилди.
Шу боисдан ҳам дунёнинг нуфузли рейтингларида бу олий ўқув даргоҳи фаолияти юқори баҳоланиб келинмоқда. Буни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўриб чиқди ва университетни БМТнинг Академик Ташаббуси (УНАИ) га расмий аъзо сифатида қабул қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Академик Ташаббуси (УНАИ) глобал илмий ҳамжамият ва таълим муассасаларини БМТнинг асосий тамойиллари, хусусан, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқлари, тинчлик, таълимга бўлган тенг имкониятлар ва ижтимоий жавобгарлик ғоялари атрофида бирлаштирувчи платформадир.
Унга аъзолик университетга қандай имтиёзлар беради?
УНАИ аъзолиги университетнинг БМТ мақсадларига содиқлиги ва глобал миқёсдаги академик ташаббусларда фаол иштирокини билдиради. Бу эса ўз навбатида олий даргоҳ обрўсини кўтаради, халқаро ҳамкорлар олдида ишончлилигининг тан олинишини таъминлайди. Унга аъзо бўлган университетлар БМТ ва УНАИнинг бошқа аъзолари билан халқаро лойиҳа, конференция, талабалар алмашинуви ва илмий изланишлар доирасида ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлади.
Университет БМТнинг ушбу платформасида ўз ташаббусларини илгари суриш, йиллик ҳисоботлар орқали фаолиятини намойиш этиши мумкин.
Фарғона давлат университети эндиликда УНАИ логотипидан ўзининг бу платформа доирасидаги лойиҳалари, веб-сайти ва нашрларида қонуний асосда фойдаланади.
Университет УНАИга аъзолик орқали талабалар ва профессор-ўқитувчилар глобал масалалар, СДГ (Сустаинабле Девелопмент Гоале) йўналишларидаги лойиҳаларда иштирок этиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан боғлиқ бўлган халқаро дастурлар ва грантларга мурожаат қилиш имкониятини қўлга киритди.
Албатта, Фарғона давлат университетининг дунё миқёсидаги яна бир эътирофи қувончлидир.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА