Фарғонада савобли ишлар давом этмоқда
Инсонийлик фазилатларининг энг эзгуси ҳам одамларга яхшилик улашишдир.
Инсонийлик фазилатларининг энг эзгуси ҳам одамларга яхшилик улашишдир. Аждодларимиз айтганидек, савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак. Фарғона вилоятида пандемия шароитида қийин аҳволда қолган эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдам бериш истагида бўлганларнинг сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Рамазон ойида бошланган эзгу ташаббуслар кўплаб оилаларга умид бахш этиб, синовли кунларда катта далда бўлаётир.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Фарғона шаҳрида 9 минг 782 та эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилган бўлиб, уларнинг 8 минг 315 таси пандемия натижасида ишсиз қолганлардир. Давлатимиз, саховатпеша инсонлар томонидан уларга ёрдам кўрсатиб келиняпти.
Шаҳардаги ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлар “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишларни қўллаб-қувватлашга киришди. Бугунги кунда икки юздан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ишсиз, ёрдамга мухтож оилаларни ўз қарамоғларига олди. Улар томонидан мазкур оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиляпти, даромад топиш чоралари кўриляпти.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 1 000 та, “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти 800 та, “Фарғонадонмаҳсулотлари400 та, ”“Автоойна” акциядорлик жамияти 200 та, “UZSUNGWOO” қўшма корхонаси 200 та кам таъминланган, оғир шароитдаги оилаларга ўз ёрдам қўлини чўзди.
Шунингдек, шаҳарда ишлаб чиқариш корхоналарининг барқарор ишлашини таъминлаш, тадбиркорларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида ишсиз қолган ва эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш каби эзгу амалларни манзилли йўлга қўйиш тадбирларини кўрмоқда.