Фарғонада пилла ҳосилининг чўғи баланд
Тошлоқликларнинг пилла етиштириш борасидаги тажрибаси пандемия шароитида ҳам қўл келди.
Тошлоқликларнинг пилла етиштириш борасидаги тажрибаси пандемия шароитида ҳам қўл келди. Улар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда вилоятда биринчилардан бўлиб сара пилла ҳосили етиштирди.
Жорий мавсумда туманда 3 минг 250 қути ипак қурти уруғлари парваришланди. Бу 200 тоннага яқин “кумуш тола” етиштириш имкониятини беради. Шу мақсадда 240 фермер хўжалиги, 200 касаначи билан белгиланган тартибда меҳнат шартномалари имзоланди, 2600 дан ортиқ аҳоли мавсумий ишларга жалб этилди.
“Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Маъмурахон Эркабоева пилла етиштириш ҳадисини олган. Айниқса, ипак қурти уруғларини плёнка остида парваришлаш, озиқлантиришда ўзига хос тажрибага эга. Шу боис ҳосилни териб олиш амалларига биринчилардан бўлиб киришди. Сидқидилдан қилинган меҳнат баракали бўлди. Ҳар бир қути қурт уруғидан 60 килограммдан ортиқ саноат хомашёси териб олинди. Оилага пиллачиликдан келган даромад миқдори икки миллион сўмдан ошди. Хонадон бекаси йиллик меҳнат иш стажига эга бўлди.

– Аҳоли бандлигини таъминлаш, фаровонлигини оширишда пиллачилик алоҳида аҳамият касб этмоқда, – дейди “Истиқлол” МФЙ раиси Гулнора Мадраҳимова. – Мавсумда ижтимоий ночор 6 камбағал оила касаначилик асосида ипак қурти боқиш ишларига жалб этилди. Бу иш усули эҳтиёжманд оилаларга ҳар жиҳатдан фойда келтириб оила фаровонлигини таъминламоқда. Етиштирилган маҳсулотга тарозининг устида, яъни бирданига ҳисоб-китоб қилинмоқда, пиллакор йиллик иш стажига эга бўляпти. Жорий мавсумда маҳалламиздаги 130 хонадонда ипак қурти уруғлари парваришланди. Дастлабки пилла хирмонларининг салмоғи чакки эмас.