Фарғонада автомактаб ўқитувчиси пора билан қўлга тушди
Пуллар холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинди.
Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги автомактаб ходими "Алишер” (исми ўзгартирилган) фуқаро М.Адан “С” тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини тезлаштириб олиб бериш эвазига автомактаб ҳисобига 1 миллион 500 минг сўм ҳамда ЙҲХБда ишловчи раҳбарлар орқали ҳал этиш учун эса 100 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган.
Фуқаро М.А.нинг аризаси асосида ўтказилган тезкор тадбир давомида “Алишер” М.А.дан талаб қилган пулларни олган вақтида ушланди. Пуллар холислар иштирокида далилий ашё тариқасида олинди.
Ўрганиш давомида “Алишер” исмли шахс “Водий авто инновацион мактаб” ўқитувчиси лавозимида ишлаши аниқланди.
Шунингдек, унинг хизмат хонаси кўздан кечирилганда 100 дан зиёд коллеж ўқувчиларининг исм-шарифлари штрих орқали ўзгартирилган ҳолдаги диплом ва илова нусхалари, бошқа ҳужжатлар мавжудлиги аниқланиб, келгусида текшириб кўришлик учун олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.