Фарғонада аҳоли ўртасида коронавирус аниқланмаган
Фуқарога йўлга чиққандан сўнг телефон орқали касаллик борлигига гумон қилинганлиги тўғрисида хабар қилинган.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 6 июль куни уч нафар коронавирусга чалинган бемор Фарғона вилояти аҳоли орасида аниқланганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Коронавирусни кириб келиши ва тарқалишини олдини олишни мувофиқлаштирувчи Фарғона вилояти штабининг маълумотига кўра уч нафар бемор аҳоли ўртасида аниқланмаган.
Эпидемиологик суриштирувларга кўра, Тошкент шаҳар фуқароси пойтахтда таҳлил топширган ва жавоби 5 кунда ҳам чиқмагандан сўнг Фарғона вилоятига қараб йўл олган. Фарғонага кириб келгандан сўнг таҳлил натижалари аниқлангач вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мутахассислари томонидан шу заҳоти ушбу фуқарони 2 нафар оила аъзоси билан вилоят 2-сонли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Яна бир фарғоналик фуқаро Тошкентда ҳарбий қисмда хизмат қилган. У 2020 йилнинг 1 июль куни Тошкент шаҳрида коронавирусга таҳлил топширган. Фуқарога йўлга чиққандан сўнг телефон орқали касаллик борлигига гумон қилинганлиги тўғрисида хабар қилинган.
Ҳолат бўйича масъуллар томонидан чора-тадбирлар белгиланиб, қайта суртма таҳлил олинган ва фуқаро вилоят 2-сонли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Коронавирусга чалинган учинчи фуқаро асли самарқандлик бўлиб, икки кун аввал Самарқанддан Фарғонага меҳнат таътилидан ишга қайтаётганлиги сабабли келган ҳамда инфекцияга лаборатор таҳлил асосида тест топширган. Унда ҳам коронавирус инфекцияси аниқлангач, вилоят 2-сонли юқумли касалликлар шифохонасига оила аъзолари билан биргаликда карантин ҳудудига ётқизилган.
Эпидемиологик суриштирувлар бўйича коронавирус инфекцияси фуқароларга Тошкент шаҳрида ҳамда Самарқанд вилоятида юққан деган хулосага келинди.
Ҳозирда касаллик манбасини аниқлаш юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Айни дамда қўшни вилоятлар ва туманлараро санитар постлари ташкил этилган.