ФАОнинг ижтимоий-иқтисодий лойиҳалари амалда
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон билан муҳим ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Ташкилотнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси бу борада изчил ҳаракатлар олиб бормоқда, бугунги кунда қатор соҳаларга оид истиқболли ишларни давом эттирмоқда.
Жумладан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманларидаги аҳоли хонадонларига жами 20 та мотокультиватор етказиб берди.
Таъкидлаш керак, бенефициарлар маҳаллий ҳокимликларнинг тавсиялари асосида танлаб олинган.
Тадбир “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил қилинган.

Бундан асосий мақсад ердан янада самарали фойдаланиш ва юқори даромад олиш учун қишлоқ ҳудудларидаги уй хўжаликларини ривожлантиришга кўмаклашишдир.
Маълум бўлишича, аввалроқ уларга бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари – Қашқадарё вилоятидаги аҳоли хонадонларига 20 та сув насоси ва 10 та қўл пуркагич, Бухоро вилоятидаги хонадонларга эса 10 та моторли бурғулаш ускунаси, 10 та қўл пуркагич ва 10 та сув насоси топширилган.
– Топширилган жиҳоз ва ускуналар томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашади, бу эса ўз навбатида уларнинг эгаларини иш билан таъминлаш ва даромадларини ошириш имконини беради. Бу лойиҳанинг мақсад ва вазифаларига мос келади,– дейди лойиҳанинг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.
Бундан ташқари, мазкур лойиҳа доирасида Бухоро чўл яйлов ўсимликлари уруғчилиги илмий ишлаб чиқариш маркази энг замонавий лаборатория жиҳозлари, жумладан, лаборатория тарозилари, анемометр, бурғулаш ускунаси, рефрактометр, мотокультиватор ва кичик ўт ўргич машинаси билан таъминланди.
Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш мақсадида илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳам лойиҳа миссиясига тўлиқ мос келади.

Лойиҳа Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда амалга оширилаётгани таъкидланди. Шунингдек, лойиҳа БМТнинг қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ҳамда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги асосий конвенциясини амалга оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Б.Худойбердиев, ЎзА