Фаолларга эсдалик нишонлари топширилди
Бу йилги байрам тантаналари юртимизда «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган шиор остида нишонланмоқда.
Албатта, бугунги кунда Мустақиллик шарофати билан Олтиариқ тумани ҳам кун сайин чирой очиб, барча жабҳаларда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аҳоли турмушини яхшилаш, одамлар розилигига эришиш, Ватанимиз салоҳияти, моддий, иқтисодий ҳамда интеллектуал куч-қудратимиз тобора ошиб, шаҳару қишлоқларимизнинг қиёфаси ўзгариб бораётгани кишини хушнуд этади.

Халқимиз қутлуғ айёмни шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда. Мамлакатимизда янги демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ўтган даврда амалга оширилган улкан ишлар, эришилган юксак натижаларда, ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг турли соҳа ва тармоқларида фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор.
Фидойилик кўрсатаётган бир гуруҳ Олтиариқлик юртдошларимизга ҳам Президентимиз Фармони билан таъсис этилган «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Туман ҳокими Холмирза Ниёзов мукофотларни топшираркан, даставвал мустақиллик улуғ неъмат эканлигини алоҳида таъкидлади.
Эсдалик нишони соҳиблари ҳам тадбирда сўз олиб, ушбу эътироф масъулият, халқнинг ризолиги йўлида янада фидокорона меҳнат қилишга ундашини таъкидладилар.
Шоҳсултон Тўхтаматов,
журналист