Фаоллар “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди (+видео)
Фарғонада “Марказий Осиё ва Озарбайжон дўстлик форуми” давом этмоқда. Бугун унинг иштирокчилари “Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлигининг янги даври” мавзуидаги халқаро ялпи конференцияда қатнашдилар.
Дастлаб Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров анжуман қатнашчиларини табриклади.
–Бир йил муқаддам уч давлат раҳбарларининг Хўжанд учрашувида ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев энди миллатлараро, халқлараро муносабатларни турли кўринишда мустаҳкамлаш лозимлигини билдирган эдилар. Фарғона форуми ана шу тилакнинг ижобатидир, – деди вилоят ҳокими.

Конференцияда сўзга чиққанлар Ўзбекистон диний ва миллатлараро бағрикенгликнинг ёрқин намунасини кўрсатмоқда, дедилар. Улар Ўзбекистонда мактабларда 7 тилда таълим берилаётгани, 14 тилда оммавий ахборот воситалари мавжудлиги, 157 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатаётганини фахр билан таъкидладилар. Энди ҳудудлараро муносабатларда миллатлараро алоқаларга урғу бериш, ёшларни бу ишга фаол жалб этиш муҳимлигини билдиришди.

–Қозоқ билан ўзбекни тирноқ билан этдек бир-биридан ажратиб бўлмайди. Минг йиллар давомида оға - ини бўлиб яшадик. Ҳозирга келиб дўстликнинг янги ришталари топилаётганидан хурсандмиз, – дейди Ўзбекистондаги Қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай Усеинов. – Қозоғистон делегацияси Ўзбекистондаги диний бағрикенгликни ҳамда “Дўстлик стелласи”ни кўриб ҳайратда қоляпти. Чегаралар аниқлашди. Энди дўстлик ришталарини янада мустахкамлаш зарур. Бирлигимизга кўз тегмасин. Дўстлигимиз абадий бўлсин.

Конференцияда “Дўстлик стелласи” нафақат уч давлат, балки минтақадаги барча давлатларда истиқомат қилувчи миллатлар бирлигига айланиши лозим, деган ғоя илгари сурилди. Марказий Осиё халқасига Озарбайжон қўшилиши чегара эмас. Бошқа туркий давлатлар учун ҳам дўстлик халқаси очиқ, дейилди.

–Бугун туркий давлатларни ягона тақдир бирлаштиряпти. Иқтисодиёт, маданият, тарихимиз бир. Келажагимиз ҳам бир,– дейди Озарбайжон Республикаси Диаспора бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари В.Гаджиев. –Аслида тарих Осиёдан бошланган. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди дунёга буюк зотларни берган. Ўзбекистон бизнинг ҳам ота юртимиздир. Шунинг учун Озарбайжон, озарийлар ҳамиша сиз билан бирга.


Конференция доирасида энг фаол жамоатчилар “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Фарғонада дўстлик форуми давом этмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/B24QX_kicJs" title="Faollar “Xalqlar do‘stligi” ko‘krak nishoni bilan taqdirlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА