Фаол ёшларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланди
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида “Ўзбекистон ёшлари: интилиш, эҳтиёж ва хавфлар” лойиҳаси доирасида ёшлар билан “Ёшлар овози муҳим” мулоқоти ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида “Ўзбекистон ёшлари: интилиш, эҳтиёж ва хавфлар” лойиҳаси доирасида ёшлар билан “Ёшлар овози муҳим” мулоқоти ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Ю.Казбеков, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижтимоий сиёсат бўлими раҳбари Ю.Олейник, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари Б.Аралбоева, Мўйноқ тумани ҳокими Е.Еденбоев ва бошқалар нодавлат нотижорат ташкилоти – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифаси халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантиришэканини таъкидлади. Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури ижросини таъминлашда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва кучларини сафарбар этишдан иборат эканлигини қайд этди.
Уч кун давом этган тадбирда кундалик ҳаётимизнинг турли жабҳаларида учраётган долзарб масалаларни ечишда ёшларнинг ташаббусларини мутасадди раҳбарлар иштирокида ўрганиш ҳамда уларнинг таклифларини ҳамкорликда муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар орасидан танлов асосида саралаб олинди.

Тадбирда ёшларнинг лойиҳа ёзиш бўйича билимларини оширишга қаратилган “ақлий ҳужум” ва гуруҳларда ишлаш каби машғулотлардан иборат тренинглар ташкил этилди. Турли интерфаол ўйинлар орқали ЮНИСЕФ ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати тренерлари ёшларга ташаббус тайёрлаш жараёнида муаммони тўғри аниқлаб олиш, унинг ечими бўйича таклиф тайёрлаш, мавжуд ресурсларни белгилаб олиш ва энг асосийси, ғояни тўғри тақдимот қилиш каби кўникмаларни батафсил ўргатди. Ёшлар билан мулоқот қилиш ҳамда уларнинг энг яхши ғояларини қўллаб-қувватлаш орқали жамиятнинг “интелектуал заҳираси”ни яратиш тадбирнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланди.
– Тадбирда гуруҳимиз билан бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири – Оролбўйига томчилатиб суғориш технологияси жорий этиш бўйича лойиҳамиз билан иштирок этдик, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Саўле Мамаева. – Мазкур технология Исроил, Қозоғистон ва бошқа кўплаб давлатларда муваффақиятли жорий этиб келинмоқда. Томчилатиб суғориш сув ва минерал ўғитларни тежаш, ҳосилдорликни ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш имкониятини беришини ҳисобга олсак, ушбу технология мамлакатимиз, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси учун муҳим ҳисобланади.
Тадбир сўнгида фаол иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
