Фаол хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Тошкент шаҳрининг турли соҳаларида фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда Шайхонтоҳур туманидаги Оила ва хотин-қизлар маскани фаолияти, бу ерда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, меҳмонлар маскан ҳудудида фаолият юритаётган "Анор" бренди ишлаб чиқариш йўналиши билан танишиб, маҳсулотларни яратиш жараёни, хотин-қизларни иш билан таъминлаш ҳамда уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган амалий лойиҳалар билан яқиндан танишди.

Мулоқот давомида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя, таълим ва касбий ривожланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва ташаббусларини билдирди ҳамда мутасаддилар томонидан уларга батафсил жавоб ва зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида хотин-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жойларда мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА